26987

Инфляция даражаси 14 фоиз бўлиши кутилмоқда

Иқтисод 20 декабрь 23:50 497

Ўзбекистон Республикаси Сенатининг XIII ялпи мажлиси биринчи иш куни ўз ниҳоясига етди.

Янги йилда Ўзбекистонда инфляция даражаси ўтган йилларга нисбатан юқори бўлади, деди Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров бугун Тошкентда бўлиб ўтган Сенат мажлисида.

“Илгарилари, йиллик ҳисоботларда айрим рақамларни келтирсак, мийиғида кулганлар ҳам бўларди. Буни очиқ тан олиш керак. Шунинг учун, президент – халқдан яширманглар, у билсин, деб топшириқ берди. Кейинги йил — ҳа, инфляция даражаси юқори бўлиши кутилмоқда,  12-13% миқдорида”, — деди Қўчқоров.

Вазир айтишига қараганда, прогноз қилинаётган ушбу рақамлар ҳақиқий инфляция даражасига яқин. Чунки уларни Халқаро Валюта жамғармаси ҳам “индамай қабул қилган”. Ҳолбуки, олдинги йилларда ХВФ доимо “сизлар нотўғри ҳисоблаяпсизлар” деб эъироз билдириб келган.

Вазир инфляция ошишга бир неча объектив сабаблар борлиги айтиб ўтди. Жаҳон бозорида нефт нархининг ошиши, Ўзбекистон иқтисодини ташқи молиялаш миқдори ўсиши, кредитлар бериш механизмлари фаоллашуви ва бошқалар шулар жумласидан.

Инфляция миқдори 10 ва ундан ортиқ фоизга ўсиши, биринчи навбатда аҳолининг энг кам таъминланган қатлами ҳаётига таъсир кўрсатади. Озиқ-овқат нархлари кескин ошишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Бош прокуратураси янги президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқди.

Унда озиқ овқат импорти соҳасида алоҳода корхоналарга имтиёзлар беришни, ушбу соҳада монополистик тузилмалар ташкил қилишни таъқиқлаш кўзда тутилган. Ундан ташқари энг асосий озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилувчи ва сотувга чиқарувчи ягона давлат Фонди ташкил қилиш ҳам режалаштирилган.

Ушбу чоралар аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошишидан ҳимоя қилишга қаратилган.

Шу билан бир вақтда, олдин давлат томонидан белгиланган ёки чеклаб турилган айрим товарлар нархлари бутунлай эркинлаштирилиб, уларни маҳсулот ва хом-ашё биржалари орқали сотиш йўлга қўйилади.

Бу эса Ўзбекистонда эркин тадбиркорлик муҳити яратишга, рақобатни ривожлантиришга, хорижий сармоядорлар ва ҳамкорлар олдида Ўзбекистон обрўйини оширишга олиб келади. Шу билан бирга, иқстисодга турли ноиқтисодий омиллар таъсирини камайтириб,  унинг самарадорлиги оширади.

Эркин тадбиркорлик муҳити ва тўғри олиб борилган молия-иқтисодий сиёсат келажакда, инфляция даражасини 4-5%га қадар тушишига хизмат қилади.

Изоҳ билдириш