26971

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири 60 миллиард сўмни нега тежаб қолганига изоҳ берди

Иқтисод 20 декабрь 23:18 1 335

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги, XIII ялпи мажлисида сўзга чиққан мамлакат Молия вазири Жамшид Қўчқоров қатор вазирликлар бюджетдан ажратилган маблағларни йил якунига келиб тўлиқ сарфлашга улгуришмагани ҳақида маълум қилди.

Қўчқоровнинг сўзларига кўра, 1 декабр ҳолатига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги — 60 миллиард сўм; Халқ таълими вазирлиги — 40 миллиард сўм; Маданият вазирлиги 8 миллиард сўм маблағни ишлатолмай қолган.

Ушбу ҳолатга изоҳ бериш учун Соғлиқни Сақлаш вазири Алишер Шодмоновга мурожаат қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазири ҳолатга изоҳ берар экан, «ортиб қолган» 60 миллиард сўмнинг 47 миллиарди дори-дармонларга ажратилган маблағлар эканлигини қайд этди.

Шодмонов вазирлик дори-дармонларни қимматлиги учун сотиб олмаганини маълум қилди. Текширувлар ўтказилганида, дори-дармонларнинг ўртача нархи 4%дан 8 %гача оширилгани ошкор бўлган.

«Дорилар нархлари оширилгани маълум бўлгач, тузилган шартномаларни тўхтатишга қарор қилдик», — деди вазир.

Соғлиқни сақлаш вазири асбоб-ускуналар сотиб олишда ҳам шундай ҳолат кузатилганини қўшимча қилди. «Биз 4та давлатдан айланиб, саккизта қўлдан ўтган ускуналарни сотиб олишдан воз кечдик», — деди у.

Шодмонов дори-дармон ва асбоб-ускуналарни оптимал нархларда сотиб олиш ишлари тез орада охирига етказилишини ва харид қилинган дорилар ўз эгаларига топширилишини айтди.

Бюджетдан ажратилган маблағлар йил якунида «куйиб» кетмаслиги учун Молия вазири Қўчқоров дори-дармон учун ажратилган 47,7 миллиард сўмни декабр ойининг охирги кунларида махсус ҳисоб рақам очиб, вазирлик номига ўтказиб беришга ваъда берди.

Изоҳ билдириш