26933

Бош прокурор И.Б.Абдуллаев Беларусь Республикаси Тергов қўмитаси раисини қабул қилди

Ўзбекистон 20 декабрь 14:55 390

2017 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев Беларусь Республикаси Тергов қўмитаси раиси И.Д.Носкевич бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Меҳмонларга Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, жиноят қонунчилигини либераллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чоралар ҳақида маълумот берилди.

Жумладан, сўнгги даврда терговга қадар текширув ва суриштирув институтларини такомиллаштириш, тергов жараёнида далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини кафолатлашга қаратилган қонунчиликдаги янги тартиб ва ташаббуслар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Томонлар икки давлат ваколатли органларининг жиноятларни тергов қилиш бўйича фаолияти ва ушбу жараёнга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида фикр ва тажриба билан алмашдилар.

Ўз навбатида Беларусь Республикаси Тергов қўмитаси раиси И.Д.Носкевич бўлиб ўтган мулоқотдан мамнунлигини изҳор этиб, самимий қабул учун ўз миннатдорчилигини билдирди ҳамда ушбу учрашувнинг ҳуқуқий соҳада ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Учрашув якунида Беларусь Республикаси Тергов қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланиб, унда жиноятчиликка, айниқса, унинг уюшган ва трансмиллий кўринишларига қарши самарали курашиш ҳамда бошқа йўналишларда ўзаро ҳамкорлик олиб бориш белгиланди.

Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.

Изоҳ билдириш