26926

Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар бир қатор масалаларни муҳокама қилишди

Ўзбекистон 20 декабрь 14:36 652

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масалани муҳокама қилишди.

2018 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида солиқ юкини янада қисқартириш ва солиқ ҳамда мажбурий тўловлар миқдорини камайтириш назарда тутилган. Бу, ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектлар тасарруфида 410 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ қолдириш имконини беради.

2018 йил ижтимоий ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган харажатлар устуворликлари сақлаб қолинмоқда. Хусусан, ижтимоий соҳани молиялаштиришга 34,7 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилади.

Давлат бюджетининг соғлиқни сақлаш соҳасига харажатлари 9,6 триллион сўмни ташкил этади. Бу жорий йил кўрсаткичларига нисбатан 31 фоиз кўп ҳисобланади.

Давлат бюджет муассасаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун бюджет харажатлари 2018 йил 2,5 баробарга кўпайтирилади.

Давлат дастурларини амалга оширишга 8,5 триллион сўм йўналтириш таклиф этилмоқда.

48 та олий таълим муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантиришга 559,1 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган.

296 тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига 753,6 миллиард сўм йўналтирилади.

Сенаторлар ушбу масалани атрофлича муҳокама қилишди ва маъқуллашди.

Изоҳ билдириш