26855

950 АҚШ доллар ўрнига бир ўрам қалбаки доллар тутқазиб кетган шахс қўлга олинди

Ўзбекистон 19 декабрь 16:34 767

Чирчиқ шаҳар ИИБга уй бекаси, 1965 йилда туғилган Ш.Х. ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида жорий йилнинг 6 декабрь куни соат 12.00 да Чирчик шаҳрида жойлашган айирбошлаш шахобчасидан 950 АҚШ долларини олиб, Охунбобоев кўчаси, 2-уйнинг олдидан ўтиб кетаётган вақтида ерда ётган АҚШ доллари ўрамини кўриб қолганлигини, олмоқчи бўлганида унинг ёнига ёши тахминан 30-35 ларда бўлган нотаниш европа миллатига мансуб шахс келиб, ердан топиб олган ўрамли АҚШ долларини бўлиб олишни таклиф қилганлигини, у рози бўлганида алдов йўли билан Ш.Х.га “сиз шу ерда тура туринг мен автомашинамни қулфлаб келаман”- деб, бироз юргач орқага қайтиб, “мен сизни танимайман, шунча пулни сизга ишониб кетолмайман, мени алдаб кетишингиз мумкин, ёнингизда тилла ёки пулингиз бўлса менга бериб туринг, шунда мени алдаб кетиб қолмайсиз”- деб, аёлни ёнида бўлган 950 АҚШ доллари миқдоридаги пулини олиб, йўлда автомашина тўхтатиб ўтириб кетганлиги, қўлидаги доллар ўрами сохта бўлиб чиққанлигини маълум қилган.

Олиб борилган тезкор суриштирув қидирув ишлари натижасида ушбу жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи 1969 йилда туғилган А.Л. ва 1976 йилда туғилган А.А.лар томонидан олдиндан режалаштириб содир этилганлиги аниқланиб ушландилар.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Терговни ИИБ олиб бормоқда.

Изоҳ билдириш