26827

Ўзбекистонда пахта ўрнига қизил қалампир экилади

Ўзбекистон 19 декабрь 13:34 1 851

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан 2018 йил Қорақалпоғистонда 15 минг гектар ерларга пахта ўрнига қизил қалампир экилади.

Давлатимиз рахбари Қорақалпоғистонга қилган сафари давомида Хўжайли туманида қурилаётган замонавий логистика марказини бориб кўрган ва Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳамда озиқ-овқат саноатида ҳаётга татбиқ этиладиган инвестициявий лойиҳалар билан танишган.

Шу жумладан, президентга, экспортга чиқариладиган қизил қалампир бўйича истиқболли лойиҳани тақдим этишди, деб ёзади «Новости Узбекистана».

Мутахассислар фикрича, бугунги кунда дунё бўйича 4,4 миллион гектар майдонда аччиқ қалампир экилиб, 68,3 миллион тонна ҳосил олинади. Бир гектар майдонда ҳосилдорлик 15-20 тоннагача етади. 5 килограмм ҳосилдан 1 килограмм қуритилган аччиқ қалампир олиш мумкин. Мисол учун, 1 гектар майдондан 16 тонна ҳосил етиштирилса, 3,2 тонна қуритилган аччиқ қалампир олинади. Унинг 1 тоннасининг нархи дунё бозорида 8 минг 640 доллар атрофида баҳоланади. 2017 йилда аччиқ қалампир савдосидан олинадиган даромад 30 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Ушбу маҳсулотнинг асосий қисми Индонезия, Хитой ва Мексикада етиштирилади.

Президентимиз кам ҳосил берадиган пахта майдонларини қисқартириш ҳисобига 60-80 кунда етиладиган аччиқ қалампир экиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

«Яқинда бир гуруҳ мутахассислар ва туман ҳокимлари билан Индонезияда командировкада бўлдик. Ўша ерда экспортга мўлжалланган маҳсулотларни етиштириш бўйича тажриба алмашдик. 2018 йилда фермер хўжаликларининг 1000 гектар дала майдонларида Индонезиядан келтириладиган қизил қалампирни етиштирамиз. Бунда кам ҳосил берадиган пахта майдонларидан фойдаланилади», — деб таъкидлаган Беруний тумани ҳокими Фарҳод Эрмонов.

Қорақалпоғистонда қалампирнинг чет элдан келтириладиган навлари экилади. Уларнинг аччиқлик даражаси жаҳон стандартларига мос тушар ва улар яхши экспорт қилинар экан. Ўзбекистонлик фермерларга бу борада Индонезиялик мутахассислар ёрдам бериши кутилмоқда.

Изоҳ билдириш