26819

Ёшлар иттифоқи қошидаги янги марказ директорлигига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева тайинланди!

Ўзбекистон 19 декабрь 13:16 2 520

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши қошида бир қатор ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилаётганлигидан ҳабарингиз бор.

Ҳусусан, куни-кеча ана шундан ташкилотлардан бири, имконияти чекланган ёшлар қатламини, жумладан ногирон, кўзи ожиз, эшитиш қобилияти чекланган, муомила лаёқатига эга бўлмаган ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш мақсадида Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази ўз фаолиятини бошлади.

Марказга узоқ йиллардан буён, нафақат санъат соҳасида балки имконияти чекланган ёшлар ва болалар билан ишлаш тажрибасига эга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева тайинланди.

Раъно Шодиева илгари “Сўзловчи қўллар” номли эшитиш имконияти чекланган болалар билан ишлашга мўлжалланган нодавлат нотижорат ташкилотига ҳам раҳбарлик қилган. Катта тажрибага эга.

– Имконияти чекланган болалар оналарининг сабри, ирода ва матонати олдида бош эгаман. Ногирон бола дунёга келган оилада, тўғриси, онага қийин. Ҳар дақиқасини умид билан ўтказадиган оналарга ҳайкал қўйсанг арзийди. Юртимизда ҳам ана шундай оналар учун мактаб ташкил этишни ният қилган эдим, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан шундай таклиф билан чиқишганида бажонидил қабул қилдим. Бу менинг орзуим эди, – деди Раъно Шодиева. – Мазкур Марказ юртимиздаги имконияти чекланган ёшлар ва болаларнинг энг севимли ташкилоти бўлишига, уларни жамиятимизда муносиб ўрин эгаллашлари учун бор билим ва кўникмаларимни сафарбар қиламан! Тез кунларда катта савобли лойиҳаларни ҳамюртларимиз билан биргаликда амалга оширамиз!

Изоҳ билдириш