26455

ИИБ раҳбарлари йил якуни бўйича жазоланиши мумкинлиги ҳақида жиддий огоҳлантирилди

Ўзбекистон 14 декабрь 12:03 1 176

Шу йилнинг 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар натижасида, ижобий кўрсатгичлар билан бирга, республиканинг айрим ҳудудларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича олиб борилаётган ишлар аҳволи талабга жавоб бермаслиги қайд этилган эди.

Президентимиз томонидан қўйилган талаблар, билдирилган эътирозлардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов раҳбарлигида вазирлик аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг масъул ходимлари иштирокида жиноятларни барвақт олдини олиш, уларни фош этиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда, ҳар бир содир этилган жиноят турлари бўйича 11 ойлик иш натижаларининг чуқур таҳлиллари муҳокама қилинди. Асосий эътиборни эса содир этилган жиноятни очиш билан бирга, жиноятни содир этилишини олдини олишга, унинг сабаблари ва унга имкон берган шарт-шароитларни синчиковлик билан ўрганишга қаратилиши таъкидланди. Таҳлиллар асосида нафақат вилоятлар, балки барча туманлар кесимида танқидий баҳо берилди.

Жумладан, Самарқанд, Тошкент вилоятларида ташкил этилган секторларга бириктирилган раҳбар ва ходимларнинг маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишлари, жиноятларни барвақт аниқлашга доир чора-тадбирлари етарли самара бермаётгани таъкидланди.

Республика миқёсида, қотиллик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, босқинчилик, талончилик, ўғрилик, фирибгарлик, безорилик, транспорт воситаларини олиб қочиш каби жиноят турлари камайишига қарамасдан, баъзи ҳудудларда айрим турдаги жиноятларнинг кўрсатгичлари юқорилича қолаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Фош этилмаган жиноятлар асосан, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро вилоятларида ва Тошкент шаҳрида юқорилигича қолмоқда. Бунда ички ишлар органлари тезкор ходимлари ва профилактика инспекторларини маҳалла фаоллари, жамоатчилик билан жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ҳамкорлиги талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.

Йиғилишда салбий кўрсатгичлар кузатилган ҳудудларнинг ички ишлар бошқармалари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Йил якуни бўйича жиноятчилик кўрсатгичи таҳлил қилиниб, жиноятни олдини олишда кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик йўналишида ижобий натижага эришмаган ходимларга кескин чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Шунингдек, йиғилиш давомида халқимиз саломатлиги, тинчлигини таъминлашда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди. Яқинлашиб келаётган Янги йил байрами арафасида байрам тадбирлари ўтказилиши белгиланган жойларда ёнғин хавфсизлиги чораларини кучайтириш, қиш мавсумида йўлларда ҳаракат қоидаларига риоя қилинишини таъминлашга ҳам эътибор қаратилиши муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, содир этилган жиноятларни зудлик билан фош этиш, муқаддам судланганлар билан профилактик тадбирларни мунтазам олиб бориш, қидирувда бўлган жиноятчиларни ушлаб, жазо муқаррарлигини таъминлаш ишларини кучайтириш зарурлиги юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Айниқса, қишки таътил даврида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор берилиши ҳам уқтирилди.

Видеоселектор йиғилиши якунида ходимларнинг профессионал маҳоратини ошириш, уларнинг хизматга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришга, ишчи гуруҳлар ва сектор раҳбарлари томонидан жиноятчилик профилактикаси ва тезкор қидирув тадбирларини самарали амалга оширишга, жиноятларни барвақт аниқлашга доир аниқ “йўл хариталари” ишлаб чиқилиши ҳамда уларни амалга оширилиши юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Асосий эътибор, барча ходимлар томонидан фуқароларимизнинг ҳар бир муаммоларига индувидуал ёндашиб, сектор тизимларидаги мутасадди раҳбарлар ҳамкорлигида уларни зудлик билан ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини шакллантиришга қаратилди.

Йиғилиш якуни бўйича, барча тезкор қидирув ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишларининг раҳбар ва ходимларига кўрсатиб ўтилган камчиликларга йўл қўймаслик, асосий эътиборни жиноят содир этилишини олдини олишга, унинг содир этилиши сабабларини чуқур таҳлиллар асосида ўрганишга қаратилиши, шунингдек, кириб келаётган янги 2018 йилни муносиб кутиб олишда, ўтиб бораётган йилда республикамизнинг барча ички ишлар органлари ходимларининг асосий вазифаси халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш зарурлиги юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.

Изоҳ билдириш