26291

Юртимиздан 500 минг $дан ортиқ пулни олиб чиқишга уринган фуқаролар ушланди

Ўзбекистон 12 декабрь 16:26 1 002

МХХ Наманган вилояти бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда катта миқдорда хорижий валютанинг республика ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйишди. Бу ҳақида «Ўзбекистон-24» хабар берди.

Хабарда айтилишича, Учқурғон туманидаги Қирғизқурғон чегара олди аҳоли пункти яқинидаги мазкур туманнинг Қалача маҳалласида яшовчи 53 ёшли фуқаро Ҳамрохўжа Умирзоқов бошқариб келаётган «Damas» русумли автомашинаси тўхтатилган.

Автомашинанинг ичида туманнинг Соҳил маҳалласида истиқомат қилувчи 20 ёшли фуқаро Ислом Қамбаров ҳам бўлган.

Автомобил белгиланган тартибда кўздан кечирилганда Ислом Қамбаровга тегишли бўлган полиэтилен қопда ноқонуний йўл билан республикадан ташқарисига олиб чиқишга мўлжалланган, яхшилаб скоч билан ўралган — 469 минг АҚШ доллар ва 4,1 миллион Россия рубли топилган.

Бу маблағлар миллий валютада ҳисобланганда 4 миллиард 372 миллион сўмни ташкил қилади.

Ушбу ҳолат юзасидан МХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси томонидан ЖКнинг 182 моддаси — божхона тўғрисидаги  қонун ҳужжатларини бузиш банди бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ушбу моддада энг кўпи 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазо чораси қўлланиши белгиланган.

Изоҳ билдириш