25551

Тошкент шаҳар ИИББ таянч пунктлари профилактика инспекторларига хизмат уйлари ва шахсий автомашиналар топширилди (фото)

Ўзбекистон 4 декабрь 12:14 671

2016 йилнинг 16 сентябрь куни “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ЎРҚ-407-сонли Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниб, кучга кирганидан сўнг, 2017 йилнинг 10 апрель куни “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 5005-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони тасдиқланди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг профилактика хизматига бўлган эътибори натижасида бир хафтадан сўнг 2017 йилнинг 18 апрель куни “Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2896-сон Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори тасдиқланиб, юртбошимизнинг яна бир маротаба Ички ишлар органлари профилактика инспекторларига эътибори, уларга бўлган ишончининг самараси натижасида профилактика инспекторларининг хизмат шароитларини янада яхшилаш мақсадида 2017 йилнинг 20 апрель куни “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2906-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилинди.

Шунингдек профилактика инспекторларига бўлган юксак эътибор, уларнинг ўз хизмат худудларидан хизмат юзасидан бирон бир юмуш билан халқ хизматида бўлишларини яхшилаш мақсадида Вазирлар махкамасининг 03.08.2017 йилдаги 577-сонли “Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларини моддий қўллаб қувватлашга доир қўшимча чора тадбирларни белгилаш” қарорига мувофиқ имтиёзли кредитга автомашиналар ажратиш кўзда тутилган эди. Ушбу қарорга асосан автомашиналарга бошланғич тўлов миқдори 15%ни ташкил этиб, кредит муддати 10 йил, жорий кредит ставкаси йилига 14% ташкил этади.

2017 йилнинг 03 декабрь куни соат 10.00да Амир Темур хиёбонида Тошкент шаҳрида хизмат олиб бораётган таянч пункти профилактика инспекторларининг тантанали қасамёди хамда уларга хизмат уйлари ва автомашиналарни тантанали равишда топшириш маросимининг 4-босқичи бўлиб ўтди. Унда яна 210 нафар таянч пункти профилактика инспекторларига хизмат уйлари ва автомашиналарининг калитлари топширилди.

Тадбирда жами 600 дан ортиқ аҳоли, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Тулкунович Йўлдашев, Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири ўринбосарлари Танзила Камаловна Нарбаева, Ички ишлар Вазири генерал-майор Пўлат Раззақович Бобожонов, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг 1-ўринбосари Одилжон Патихжонович Таджиев, Тошкент шаҳар Ҳокими Рахмонбек Жахонгирович Усмонов, Фахрийларни ижтимоий қуллаб-қувватлаш ва “Нуроний” жамғармаси раиси Шухрат Илхомович Жалилов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг 1-ўринбосари Шавкат Сардорович Жавланов, Тошкент шаҳар туманлар хокимлари, прокурорлари, профилактика инспекторларининг ота-оналари ва яқин қариндошлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Изоҳ билдириш