Капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операциялари рўйхатига хорижий мамлакатлардаги ўз филиалларида айланма маблағларига эга резидентлар ҳам киритилди.

Бундан ташқари қуйидаги валюта операциялари фақатгина Президент, Вазирлар Маҳкамаси ёки халқаро келишув қарорлари асосида амалга оширилади:

  • Ўзбекистон Республикаси резидентларининг банк ҳисобварақаларидан хорижий давлатларга 10 минг АҚШ долларидан ортиқроқ маблағ ўтказганида:
  1. хорижий корхоналарнинг устав капиталини шакллантириш (ёки улуш орқали иштирок этиш);
  2. резидентлар томонидан хорижий мамлакатлардаги ўз филиалларининг айланма маблағларини тўлдириши;
  • Ўзбекистон резидентлари томонидан норезидентларга кредитлар, пул ва товар заёмлари, шунингдек, лизинг объектларини тақдим этиш;
  • Резидентлар маблағини тижорат банкларининг ҳисоб рақамларидан хорижий мамлакатлардаги ҳисобварақларга (депозитларга) жойлаштириш ва кўчмас мулкни сотиб олиш учун маблағларни ўтказиш.

Резидентлар дейилганда кимлар тушунилади:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
  • Хориж фуқаролари ва мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқига эга фуқаролиги йўқ шахслар;
  • Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтган юридик шахслар;
  • Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик иммунитети ва имтиёзларидан фойдаланувчи дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари, шунингдек, хорижда хўжалик ва тижорий фаолиятни амалга оширмайдиган маҳаллий ташкилотларнинг ваколатхоналари.

Қарор қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинди ва 2017 йилнинг 24 ноябридан кучга кирди.