24264

Россияга сотиб юборилаётган ўзбек қизлари Тошкент ҳалқаро аэропортида тўхтатиб қолинди

Ўзбекистон 20 ноябрь 22:27 2 052

Чилонзор туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан, одам савдоси жинояти бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жумладан, 2017 йилнинг 27 сентябрь куни, муқаддам судланган Бердиева Мубарак Камаритдиновна, фуқаролар Н.Э.Олимова, Н.Х.Буриева ва М.Х.Носироваларни Россия Федерациясида фоҳишалик билан шуғулланиб, катта миқдордаги даромад олиш билан қизиқтириб, уларни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда Россия Федерациясига фоҳиша сифатида ишлатиш мақсадида юбормоқчи бўлган вақтида, ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Тошкент ҳалқаро аэропортида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми “б” банди (одам савдоси, яъни икки ёки ундан ортиқ шахсларни улардан фойдаланиш мақсадида ёллаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган.
Ўтказилган дастлабки тергов давомида М.К.Бердиева кўрсатиб ўтилган аёллардан ташқари фуқаролар М.И.Юлдашева, Ш.К.Муминова, Г.И.Махмудова, Д.А.Миркаримова ва И.У.Расуловаларни ҳам фоҳиша сифатида ишлатишлик учун Россия Федерациясига юборганлиги аниқланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, М.К.Бердиеванинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Жабрланувчиларнинг анкета маълумотлари ўзгартирилган бўлиб, фамилияси ва исмининг ҳар қандай ўхшашлиги тасодифий ҳарактерга эга.

Изоҳ билдириш