23933

Дастлабки тахминларга кўра, қизларнинг аҳволи айнан кабоб истеъмолидан сўнг оғирлашган.

Ўзбекистон 16 ноябрь 22:21 2 391

Тошкент шаҳридаги бир оиланинг уч қизи — 2010 йилда туғилган Муниса, 2011 йилда туғилган Мухлиса ва 2013 йилда туғилган Моҳира Қосимовалар 8 ноябрь куни тиббиёт муассасаларида номаълум этиологияли моддадан заҳарланиш оқибатида вафот этган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган брифингда шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи Бобир Деҳқонов маълум қилди, дея хабар бермоқда Дарё.

Ушбу ҳолат юзасидан қизлар доимий истиқомат қилиб келган Олмазор туман прокуратураси томонидан 9 ноябрь куни Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми «а» банди (одам ўлишига сабаб бўлган хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирги вақтда опа-сингиллар ўлимининг аниқ сабабларини аниқлаш юзасидан тергов-текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қизларнинг оиласи истиқомат қилган уйдан улар ичган дори-дармон, хонадон музлатгичидан улар истеъмол қилган маҳсулотлардан намуналар олинган. Дори воситалари сотиб олинган дорихонадан тегишли намуналар олинган. Бундан ташқари, қизлар кабоб еган кафедаги егуликдан намуналар олинган — дастлабки тахминларга кўра, қизларнинг аҳволи айнан кабоб истеъмолидан сўнг оғирлашган.

Ҳозирда комплекс суд-тиббиёт ва суд-кимёвий экспертизалари ўтказилаётган бўлиб, уларнинг натижасига кўра тергов ҳаракатларининг кейинги йўналишлари белгиланади ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортишнинг барча чоралари кўрилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қизларга тиббий ёрдам кўрсатган тиббиёт ходимларининг ҳаракатларини баҳолаш бўйича хизмат текшируви ўтказиш тайинланган.

Изоҳ билдириш