23429

Акмал Рисқуллаев оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз

Спорт 13 ноябрь 8:35 1 221

«Бунёдкор» футбол академиясида фаолият олиб бораётган собиқ футболчи Акмал Рисқуллаев оламдан ўтди. Бу ҳақида «Championat.asia» нашри маълумот берди.

«Бунёдкор» академиясида мураббий сифатида ишлаб келган Акмал Рисқуллаев оламдан ўтгани муносабати билан, марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Акмал Рисқуллаев 1979 йил 24 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 8 ёшида “Пахтакор” футбол клуби академиясига борган. У ерда 16 ёшгача шуғуллангач, иккинчи лигада “Ватанпарвар” ҳарбий спорт клуби сафида майдонга туша бошлади. Сўнгра Рустам Мирсодиқов уни олий лигага таклиф этди. Акмал 14 йиллик профессионал фаолияти давомида “Шўртан”, “Навбаҳор”, “Локомотив”, “Трактор”, “Динамо”, “Қизилқум” каби клубларда ўйнаган. Шунингдек, Қозоғистоннинг “Ясси Сайрам” жамоасида ҳам бир ярим йил тўп тепган.

– Футболни танлаб кам бўлмадим. Бир қатор кучли жамоалар шарафини ҳимоя қилганимдан хурсандман. Турли мураббийлар қўл остида шуғулланиб, тажриба орттирдим. Энди ўзим ёшларга сабоқ беряпман, – деган эди Акмал Рисқуллаев.

2012 йилдан Сергей Лушчан таклифига биноан Акмал Рисқуллаев футболчиликда ўрганган билимларидан фойдаланиб, ёш “қалдирғочлар”га таълим бера бошлаганди. Ўз навбатида, “C” тоифадаги лицензияга эга бўлди.

“Бунёдкор” академиясида иш бошлаганига кўп бўлмаган Акмал Рисқуллаев маълум муддат 8-9 ёшли тарбияланувчиларга сабоқ берарди ва улар билан Туркиядаги халқаро турнирда биринчи ўринни қўлга киритди. Бу унинг халқаро майдонда мураббийлик соҳасидаги дастлабки унвони бўлган.

Шунингдек, 2002 йили туғилган тарбияланувчилари Кореядаги турнирда зафар қучишган. Акмал Рисқуллаев Тошкент шаҳар биринчилигида ўз шогирдларининг имкониятларини юқори баҳолашини ҳам айтиб ўтган эди. Улар орасида айниқса, истеъдодли дея қараётган Отабек Жўрақўзиев, Жасур Жалолиддинов, Диёр Раҳимқулов, Абдурауф Бўриев каби футболчилардан умиди катта эди.

Изоҳ билдириш