23312

Мирзиёев: Тадбиркорга мадад бериш ўрнига унинг йўлига тўсиқ қўйиш – бу Президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланади

Ўзбекистон 10 ноябрь 12:10 1 668

Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, фаровон турмушини таъминлашда муҳим ўрин тутаётган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг стратегик йўналишларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида тадбиркорлик фаолияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Нафақат бизнес, балки бошқа соҳаларда ҳам ҳали олдимизда жуда катта вазифалар турганини, ечилмаган муаммолар ҳам кўплигини очиқ тан олишимиз керак.

Масалан, бизнес соҳасида жорий этилаётган янгиликлар жойларда, жумладан, Самарқанд вилоятида қандай қўлланмоқда, тадбиркорлар берилаётган енгилликларни амалда сезмоқдами ёки йўқми, деган саволларга, афсуски, тўла ижобий жавоб тополмаймиз.

Шу муносабат билан барча бўғиндаги раҳбарлар, айниқса, жойлардаги ҳокимлар ва мансабдорларни огоҳлантириб айтмоқчиман: тадбиркорга мадад бериш ўрнига унинг йўлига тўсиқ қўйиш – бу Президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланади ва шунга яраша чора кўрилади.

Барчамиз бир ҳақиқатни тушуниб олишимиз шарт: тадбиркорлик ва ишбилармонлик хусусиятлари аввало ёшларга хос фазилат ҳисобланади. Демак, тадбиркорликка йўл очиш – авваламбор ёшларга, келажакка йўл очиш демакдир.

Қайси раҳбар шуни тўғри тушунса, албатта у бошқараётган тармоқда, ҳудудда самара, натижа бўлади. Ким буни тушунмаса, яхшиси, у ўз ўрнини бўшатиб қўйгани маъқул. Чунки нафақат ёшлар, балки замон ҳам энди бундай раҳбарларни қабул қилмайди,-деди давлатимиз рахбари.

Маълумки, Самарқанд вилояти замонавий, яхши ривожланган ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация, ижтимоий инфратузилмаларга эга экани, инсоний ва интеллектуал салоҳияти билан бошқа кўпгина ҳудудларимизга нисбатан устун туради. Яъни, Самарқанддаги имконият ҳамма жойда ҳам мавжуд эмас.

Изоҳ билдириш