23256

Президент: «Қўпол бўлсаям айтиш керак, ҳаммаси ухлаб ўтирибди»

Ўзбекистон 10 ноябрь 9:28 3 224

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида профилактика инспекторлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Профилактика инспекторлари, маҳалла вакиллари, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараётгани ҳам жиноятларнинг олдини олиш самарасини пасайтирмоқда.

Профилактика инспекторлари учун уй-жой шароити, уларни хизмат хоналари ва автомашиналар билан таъминлаш масалаларини ҳал қилиб бермоқдамиз. Лекин энди натижани сўрайдиган вақт келди. Қани натижа? Афсуски, Самарқанд вилоятида бу саволга ижобий жавоб йўқ.

Мана, битта мисол. Самарқанд шаҳридаги 33 та маҳаллада содир этилган жиноятларнинг камида ярми муҳокама этилмаган. Аксарият маҳаллаларда муҳокамалар номига, фақат ҳисобот учун ташкил этилган. Бу борада маҳалла раислари, профилактика инспекторлари қаёққа қараяпти, деган савол туғилади. Қўпол бўлсаям айтиш керак, ҳаммаси ухлаб ўтирибди. Ёки ўзи билан ўзи овора.

Аёллар томонидан содир этилган 436 та жиноятнинг аксарияти оилавий келишмовчиликлар оқибатида келиб чиққан.

Аёллар томонидан ўз жонига қасд қилиш даражаси юқорилигича қолмоқда, яъни, 145 тани ташкил этмоқда.
Хотин-қизлар қўмитасининг масъул раҳбарлари бу рақамларни қандай изоҳлайди?

Маҳалла вакиллари, профилактика инспекторлари ўз ҳудудларида уйма-уй юрдик, оилалардаги аҳволни ўргандик, деб ҳисобот беришади-ю, лекин ҳақиқий вазиятдан уларнинг мутлақо хабари йўқлиги таҳлиллар жараёнида яққол аён бўлмоқда.

Огоҳлантириб айтмоқчиман: бундай сохта ҳисоботлар билан ишлайдиганлар қонун бўйича тегишли жазосини албатта олади. Президент сиёсатини обрўсизлантирадиган бундай кўзбўямачиликларга ҳеч қачон йўл қўйилмайди.

“Маҳалла” жамғармаси (Ш.Жавлонов), “Нуроний” жамғармаси (Ш.Жалилов), Хотин-қизлар қўмитаси (Т.Нарбаева), Ички ишлар вазирлиги ва Ёшлар иттифоқи билан биргаликда, бир ой муддатдаҳудудлардаги оилавий жанжаллар, қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик ва низоларнинг туб сабабларини аниқлаб, уларнинг ечимини топиб, тарафларни яраштириш юзасидан зарур чоралар кўрилишини таъминласин.

Жиноятларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли билан самарали мулоқот ўрнатиш, тинчлик-осойишталикни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозирги кунда ички ишлар органлари идораларининг ўта марказлашган ҳолда жойлашуви уларнинг ўз вазифаларини самарали ҳал қилиш имконини бермаяпти.

Бу, бир томондан, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлиги пасайишига олиб келаётган бўлса, бошқа томондан, аҳолига ўз муаммосини ҳал қилишда ноқулайлик туғдирмоқда.

Биз ички ишлар органлари ходимларини халққа янада яқинроқ қилиш мақсадида ходимларнинг асосий қисми бевосита жойларда, керак бўлса, ҳар бир сектор ҳудудида хизмат олиб боришини таъминлашимиз керак,-деди давлатимиз рахбари.

Изоҳ билдириш