23199

Ўзбекистон Президенти БМТ делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон 9 ноябрь 18:25 379
Фото: President.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча ва Бош котибнинг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Германни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари Н.Германни БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари лавозимига тайинлангани билан табриклади ва фаолиятига муваффақият тилади. Ўзбекистоннинг БМТ билан, хусусан, яқингача М.Енча раҳбарлик қилиб келган Минтақавий марказ билан ҳамкорлиги самарали бўлаётганини мамнуният билан қайд этди. Президентимиз 10 ноябрь куни Самарқандда иш бошлайдиган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги халқаро конференцияни ташкил этишда БМТ муҳим ўрин тутганини таъкидлади.

Ўзбекистон Жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида халқаро жараёнларда фаол иштирок этаётгани, жумладан, йиғилиб қолган масалаларга амалий ечим топиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, минтақанинг узоқ истиқболга мўлжалланган тараққиёти бўйича аниқ таклифлар илгари сураётгани ва амалга ошираётгани таъкидланди.

Меҳмонлар БМТ ва унинг Бош котиби Антониу Гутерриш номидан минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича ўтказилаётган халқаро форум мақсади ва вазифаларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш, «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини қабул қилиш, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини ўтказиш бўйича илгари сурилган муҳим ташаббуслар мавжуд глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга салмоқли ҳисса қўшади.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга доир бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Изоҳ билдириш