22972

Ўзбекистондан Кореяга ишга кетишни истаганлар учун шартлар маълум қилинди

Ўзбекистон 7 ноябрь 8:37 7 800

6 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан «Комплекс тест маркази» очилиши олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Кореяга ишга кетишни хоҳлаганларни рўйхатга олиш ва имтиҳон қилиш шартлари маълум қилинди.

Бўлиб ўтган матбуот анжуманида, Жанубий Кореяда ўзбек  меҳнат муҳожирларининг фаолиятини тартибга солиш, иш квотаси учун белгиланган имтиҳонларни сифатли ва шаффоф ўтказиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Комплекс тест маркази (КТМ) 13 ноябрь куни ўз фаолиятини бошлаши таъкидланди.

Шартларга кўра, Кореяда ишлашни истаганлар биринчи навбатда янги ташкил этилган «Комплекс тест маркази»нинг www.ckt.uz сайтида рўйхатга ўтиши ҳамда жетон олиш учун топшириладиган имтиҳон куни ва сеансини танлаши керак бўлади. Ушбу сайт фақатгина Ўзбекистон ичида очилади.

Жетон учун имтиҳон куни банд қилинганидан сўнг имтиҳон топширувчи «Комплекс тест маркази»га бориб, рўйхатдан ўтади ва 87 500 сўм миқдоридаги пулни тўлаб, компьютер орқали тестдан ўтади.

Саволлар матн ва аудио тестлардан иборат бўлиб, уларнинг сони жами 30 тани ташкил этади. Имтиҳон учун 40 дақиқа вақт берилади. 40 дақиқа тугагач, автомат равишда имтиҳон тўхтатилади.

Тест натижалари бўйича номзодлар рейтинги тузилади. Бунда берилган 40 дақиқадан қанча олдинроқ имтиҳон топшириб бўлиниши муҳим аҳамиятга эга. Дейлик, имтиҳон саволларига 20 дақиқа ичида тўлиқ жавоб берган одам 40 дақиқада барчасини тўғри ечгандан кўра олдинги ўринларни эгаллайди.

КТМ тестини топшириш учун тўланган пул қайтарилмайди.

Имтиҳон топшириб бўлгандан кейин дарҳол унинг натижаларини билиш мумкин. Рейтингдаги ўринни эса тест топширилгандан 10 кун кейин Агентлик расмий сайтидаги шахсий кабинети орқали билиш мумкин.

Турли сабабларга кўра КТМ имтиҳон натижаларидан қониқмаганлар 20 кун ичида апелляцияга беришлари мумкин. Аппеляцион аризани фақатгина имтиҳон топширган шахс бериши мумкин.

КТМ имтиҳонларидан муваффақиятли ўтганлар рейтинг асосида EPS-TOPIK имтиҳонида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шу билан биргаликда, EPS-TOPIK имтиҳонларини ўтказиш шартлари ҳам ўзгарган. Эндиликда EPS-TOPIK имтиҳон малака тестини ҳам ўз ичига олади. Яъни, тест савол-жавобларидан кейин кореялик мутахассислар суҳбатидан ўтиш талаб қилинади.

Марказга рўйхатдан ўтиш учун хоҳлаган пайтда, бироқ тестдан ўтиш учун банд қилинган вақтдан 60 дақиқача олдин бориш лозим. Имтиҳон залига тест бошланишидан 30 дақиқа олдин киритиш бошланади.

Ишга талабгор www.ckt.uz сайти орқали тест куни ҳақида маълумот олиши, имтиҳон кунида жой ва вақтини банд қилиш мумкин. Сайт хавфсизлик юзасидан фақат Ўзбекистон ҳудудида фаол ишлайди.

Тестга ҳар қандай электрон қурилма, шпаргалкаларни олиб киришга уриниш имтиҳондан четлаштириш билан жазоланади. Тест материалларида корейс тилида ўқиш ва эшитиш кўникмасини синовдан ўтказувчи 30 савол мавжуд. Мазкур шарт учун талабгорга 40 дақиқа вақт ажратилади.

Агар имтиҳон иштирокчиси жавобларни белгиланган муддатдан аввалроқ белгилаб, муваффақиятли натижани қўлга киритса, унинг имкониятлари кенгаяди. Тест натижасини талабгор Агентлик сайт платформасида очилган «шахсий кабинет»и орқали 10 кундан кейин текшириб олиши мумкин.

Шунингдек, натижалардан қониқмаган номзодлар 20 кун ичида шикоят аризаси билан Марказга мурожаат қилиши мумкин.

«Комплекс тест маркази» — мустақил ташкилот бўлиб, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси 138-уйда жойлашган. Мўлжал: Республика Қон қуйиш маркази, «Азия Ташкент» меҳмонхонаси.
Шунингдек, +99871 2023344; +99871 2023355; +99871 2023366; +99871 202 3388; +99871 202 3399 телефон рақамлари орқали батафсил маълумотга эга бўлиш имконияти мавжуд.

Изоҳ билдириш