22765

Арипов: МДҲ ҳудудида тўлақонли эркин савдо зонасини ташкил этиш зарур

Ўзбекистон 3 ноябрь 14:35 618

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов МДҲ ҳудудида эркин савдо зонасини ташкил этишга алоҳида эътибор бериш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

«Ўзбекистон МДҲ доирасида кўплаб йўланалишлар бўйича фаол иштирок этишни таъминлайди», — деди Арипов Ҳамдўстлик ҳукумат раҳбалари йиғилишида.
Бу ерда биринчи навбатда савдо-сотиқ, инвестиция, транспорт, туризм, таълим, илм-фан ва хавфсизлик йўналишлари бўйича ҳамкорлик қилиш назарда тутилмоқда.

Арипов йиғилишда МДҲ ҳудудида тўлақонли эркин савдо зонасини ташкил қилишга эътибор беришни таклиф қилди. Бу ўз навбатида мамлакатлар ўртасида ўзаро ташқи савдони кенгайтириш ва янги ишлаб чиқаришларни татбиқ этиш, қўшимча иш жойларни ташкил қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратади.

Бундан ташқари, Арипов транспорт коммуникация соҳасини ривожлаштириш, келишилган ва самарали тариф сиёсатини амалга ошириш, Ҳамдўстлик мамлакатларида мавжуд бўлган туризм салоҳиятини янада ривожлаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор бериш кераклигини таъкидлаб ўтди.

«Террорчилик, экстремистик кучларга, шунингдек наркотрафикка қарши биргаликда мувофиқлаштирилган курашиш, илм-фан, соғлиқни сақлаш, табиатни муҳофаза қилиш йўналишларида илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор бериш зарур», — деди Арипов.

Ўзбекистон бош вазирининг фикрига кўра, гуманитар ва маданий алоқалар алмашинуви мамлакатлар ўртасида дўстона ва ўзаро ишончи муносабатларни мустаҳкамлайди.

Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкентда МДҲ ҳукумат раҳбарлари кенгаш йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилиш иштирокчилари иқтисодий, молиявий ва сиёсий соҳалардаги 19 та масалаларни кўриб чиқиш режалаштирилган. Йиғилиш Ўзбекистонда илк бор ўтказилмоқда.

Изоҳ билдириш