22426

Ислом Каримов Фонди Европа ва АҚШда ўқишни истовчилар учун янги танлов эълон қилди

Ўзбекистон 1 ноябрь 8:45 384

Ислом Каримов номидаги Фонд Европа ва АҚШнинг нуфузли олий ўқув юртларида магистратура дастури бўйича таълим олиш учун янги грантлар танловини эълон қилди.

Грантлар танлови қуйидаги мутахассисликлар бўйича ўтказилади: табиий фанлар (қайта тикланувчи энергия манбалари, кимё), сув ва ер ресурсларини бошқариш, машинасозлик технологиялари, озиқ-овқат технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги, архитектура (шаҳарсозлик, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш), дизайн (маҳсулот дизайни, саноат ва меъморчилик дизайни) ва рассомлик.

Грант совриндорларининг чет элда таҳсил олиш ва яшаш харажатлари (2 йилгача) Фонд томонидан молиялаштирилади.

Эълонда билдирилишича, танловда инглиз, немис ёки француз тилларини аъло даражада билган, Ўзбекистон ёки чет эл олий ўқув юртини битирган ёки унинг сўнгги курсида таҳсил олаётган, ёши 35дан ошмаган Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиши мумкин.

Ҳужжатлар топшириш муддати 2017 йил 6 – 17 ноябрь.

Ислом Каримов номидаги жамоатчилик хайрия фонди 2016 йил октябрда Татьяна Каримова ва Лола Каримова-Тилляева томонидан Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси ва биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида таъсис этилган. Ўзбекистон ва хориждаги пешқадам университетларда таҳсил учун иқтидорли ёшларга грантлар ажратиш Фонд фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади.

Фонднинг таълим грантлари соҳасидаги илк лойиҳаси доирасида 12 нафар стипендиат бугунги кунда Ангальт амалий фанлар университети, Дуйсбург Эссен, Рур ва Фрайбург университетлари (Германия), Москва меъморчилик мактаби ҳамда Турин политехника университети (Италия) каби чет эл олий ўқув юртларида таълим олмоқдалар.

Изоҳ билдириш