22256

Шавкат Мирзиёев янги метрони 2020 йилгача қуриб битказишни буюрди

Ўзбекистон 30 октябрь 10:12 503

Тошкент шаҳри атрофида ер усти халқа метро линияси қурилиши бошланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур қурилиш билан танишди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан транспорт-коммуникация соҳасини ривожлантириш ва модернизация қилиш, йўловчиларга замонавий транспорт хизмати кўрсатишни кенгайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Умумий узунлиги 52,1 километрдан иборат мазкур метро йўналишининг 50,5 километри баландлиги 6 метрлик эстакадалар орқали ўтказилади, 1,6 километри ер устида қурилади.

2017-2021 йилларга мўлжалланган лойиҳа беш босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичда Тошкент метрополитенининг «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисми қурилади. Узунлиги 11 километр бўлган ушбу қисмда саккизта бекат бунёд этилиши мўлжалланмоқда.

Иккинчи босқич Қўйлиқ бозори билан «Олмазор» бекатини боғлайди. Учинчи босқичда «Олмазор»дан «Беруний» бекатигача бўлган қисм барпо этилади. Кейинги босқичда иншоот «Беруний»дан «Бодомзор» бекатигача қурилади, сўнгги босқичда «Дўстлик» бекатига уланади.

Давлатимиз раҳбари қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

Ҳар томонлама қулай, арзон ва хавфсиз бўлган мазкур транспорт тармоғи барпо этилиши пойтахтимиз учун улкан иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги замонавий транспорт линиясини 2020 йилгача тўлиқ фойдаланишга топшириш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

Изоҳ билдириш