22052

Туркиялик ишбилармонлар Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади

Ўзбекистон 27 октябрь 8:49 337

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Истанбул шаҳрида Туркия Бош вазири Бинали Йилдиримни қабул қилди, деб хабар қилди President.uz.

Учрашувда 25 октябрь куни Анқарада бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқотда ҳамкорликнинг бугунги ҳолати холисона баҳоланиб, уни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олингани таъкидланди.

Шунингдек, Мирзиёев ва Йилдирим иштирокида икки мамлакат молия ва ишбилармон доиралари учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имзоланган ҳужжатлар улкан аҳамиятга эга экани қайд этилди. Шунингдек, 26 октябрь куни Истанбулда ўтказилган икки мамлакат ишбилармон доиралари бизнес-форумида йирик энергетика объектлари ва йўл инфратузилмаларини қуриш, тўқимачилик маҳсулотлари, электр жиҳозлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва агросаноат тармоғида замонавий саноат ва логистика марказлари ташкил этиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзолангани таъкидланди.

Мирзиёев ишбилармонларнинг Ўзбекистонда бизнес юритиш борасидаги фикрлари билан қизиқди.

Туркиялик ишбилармонлар Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Валюта бозори эркинлаштирилгани, виза олиш тартиби соддалаштирилгани ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулайликлар яратгани таъкидланди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Туркиянинг молия ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Изоҳ билдириш