21997

Ипотека уйларининг қавати қанча баланд бўлса, бошланғич тўлови шунча кам бўлади

Ўзбекистон 26 октябрь 16:53 599

23 октябрь куни Президент «2017–2020 йилларда шаҳарларда кўп хонадонли арзон уйлар қуриш ва реконструкция қилиш дастури реализацияси бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.  Ҳужжатда кўрсатилганидек, ипотеканинг биринчи бадали сотиб олинаётган хонадоннинг қаватига боғлиқ бўлади. Қарор хонадонларнинг реализациясида ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Кўпхонадонли уйлардаги ипотека учун биринчи бадалнинг ўртача қиймати 25 фоизни ташкил қилади. Аҳоли ўртасида анча оммалашган иккинчи қаватнинг биринчи бадали 40 фоиз бўлса, биринчи қават – 35%, учинчи эса – 30%.

Шу ўринда унчалик оммалашмаган қаватлардаги хонадонлар учун ўртача фоиздан паст нарх белгиланиши кўзда тутилган. Масалан, тўртинчи қават учун банклар 25% олса, бешинчи қаватга – 20%, олтинчига – 15%, еттинчи қават учун тўлов 10 % бўлади. Ушбу ставкалар 5–7 қаватли уйларга таалуқли.

Тўққизқаватли уйларга келадиган бўлсак, улардаги бирдан тўртинчи қаватдаги хонадонлар бадали 5 қаватли уйларникидек бўлса, бешинчи қаватдан бошлаб тўлов кескин ўзгаради. Бешинчи қаватдаги хонадон бадали умумий қийматнинг 25%, олтинчи ва еттинчи қаватлар – 20%, саккизинчи қават – 15% ва тўққизинчи қаватдаги хонадондлар – 10% бўлади.

Ипотеканинг қолган шартлари ўзгаришсиз қолади: биринчи беш йил давомида фоиз ставкаси 7%ни ташкил қилади, кредит 20 йилга берилади, имтиёзли муддат 36 ой бўлади. Аҳамиятлиси, харидор томонидан тўлов тўлиқ киритилса, у навбатдан ташқари ҳали белгиланмаган ҳар қандай хонадонни хоҳишига кўра танлаши мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, имтиёзли кредит ёш оилалар, яроқсиз уйларда яшовчи ва яшаш шароитини ўзгартиришга муҳтож бошқа фуқароларга тақдим этилади.

Изоҳ билдириш