20891

Умид Ахмаджонов Шайх Ҳамад бин Халифа Аҳмад ол Таний билан учрашади

Спорт 17 октябрь 11:10 446

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов Қатар Футбол Уюшмасининг Президенти Шайх Ҳамад бин Халифа бин Аҳмад ол Танийнинг таклифига кўра Доҳага хизмат сафари уюштириб, дунёдаги энг яхши футбол академияларидан бири саналган “Aspire”га ташриф буюрди.

“Aspire” бизда жуда катта таассурот қолдирди”, – дейди Умид Аҳмаджонов ЎФФ матбуот хизматига. “Эртага Қатар Футбол Уюшмаси билан меморандум имзоланиши олдидан, ўйлайманки, ушбу сафар жуда самарали бўлди. Биз икки мамлакатда болалар-ўсмирлар футболини ривожлантириш мақсадида ушбу академия билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирганмиз”.

Умид Аҳмаджонов, шунингдек, “Aspetar” спортга ихтисослашган тиббиёт марказида бўлди. ЎФФ делегацияси марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, “Aspetar”нинг Ўзбекистон футболи учун фойдали жиҳатларини яқиндан ўрганишга муваффақ бўлдилар.

Умид Аҳмаджонов 17 октябрь куни Доҳада Қатар Футбол Уюшмаси президенти Шайх Ҳамад бин Халифа Аҳмад ол Таний билан учрашади. Учрашув якунларига кўра Ўзбекистон ва Қатар футболи раҳбарлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Қатар сафари Умид Аҳмаджоновнинг ЎФФ президенти этиб сайланганидан бери амалга оширган учинчи хорижий сафаридир. Бунга қадар Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино ва БАА футбол уюшмаси вице-президенти Абдулла Носир ал-Жунайбий билан учрашган эди.

ЎФФ президенти Умид Аҳмаджоновнинг Қатарга қилган ташрифига оид фотосуратларни қуйидаги ҳавола орқали томоша қилиш мумкин.

Изоҳ билдириш