20703

Ўзбекистонда автомобилларда айрим газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланади

Ўзбекистон 14 октябрь 13:14 1 229

Ўзбекистонда 2018 йил 1 февралдан бошлаб СТГ-2, СТГ-3 ва СТГ-4 туридаги газ баллонли ускуналар ўрнатилган автомобиллардан фойдаланиш тақиқланади, деб хабар берди Sputnik мухбири. Бу Вазирлар Маҳкамасининг шу кунларда қабул қилинган қарорида белгилаб қўйилган.

Шунингдек, завод комплектацияси бузилган СТГ-1 баллонли транспорт воситаларини бошқариш ҳам тақиқланади. Фақатгина Самарқанднинг JV MAN Auto-Uzbekistan заводида ишлаб чиқарилувчи, СТГ-3 газ баллонлари фойдаланиладиган MAN А 22 CNG автобуслари бундан мустасно.

Келгуси йилнинг 1 февралидан сўнг инспекторлар йўлларда СТГ-2, СТГ-3 ва СТГ-4 газ баллон ускуналари, шунингдек, завод комплектацияси бузилган СТГ-1 баллонларига эга автомобилларни аниқласалар, уларнинг эгаларига фойдаланилиши тақиқланган транспорт воситаларини бошқарганлиги учун жавобгарлик қўлланилади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, фойдаланилиши тақиқланган транспорт воситаларини бошқариш энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги жарима солинишига сабаб бўлади (748 875 сўм).

Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда СТГ-3 ва СТГ-4 газ баллонларидан фойдаланадиган автомобиллар қолмаган, СТГ-2 баллонларидан фойдаланадиган автомобиллар сони эса 67,6 мингдан ошмайди.

Изоҳ билдириш