19920

Ўзбекистон-Россия ҳарбийларининг махсус тактик-ўқув машқлари давом этмоқда (видео)

Ўзбекистон 5 октябрь 11:09 463

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг махсус тактик-ўқув машқлари давом этмоқда.

Миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида хориж мамлакатлари билан ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшинларимизни энг замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қўшинлар замонавий ҳамда модернизация қилинган ўқотар ва оғир қуроллар билан, вертолёт ва самолётлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, автомобиль ва бронетехникалар, алоқа воситалари билан таъминланмоқда.

Махсус тактик-ўқув машқларида икки мамлакат ҳарбий хизматчилари тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм, экстремизм каби глобал таҳдидларга қарши курашиш, мураккаб тоғ шароитида ноқонуний қуролланган бўлинмани йўқ қилиш бўйича ҳамкорликда аксилтеррор амалиёти ўтказишади. Мақсад – тажриба алмашиш, ҳарбий соҳада ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.

Ноқулай иқлим шароитида, тоғли ҳудудларда шартли ноқонуний қуролланган кучлар таҳдидини қайтаришга қаратилган машқлар ҳозирги вақтда жаҳон миқёсида кескин ўзгариб бораётган ҳарбий-сиёсий, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидларга қарши курашишнинг энг мақбул усулларини ишлаб чиқиш борасида ўзаро тажриба алмашишга асосланган.


Изоҳ билдириш