19632

Тошкентда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари муҳокама этилди

Ўзбекистон 3 октябрь 16:54 473

Тошкент шаҳар ҳокимлигида навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Архитектура ва шаҳар қурилиши бошқармаси ҳамда Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси мутасадди вакиллари иштирок этди.

Тадбирда пойтахтимизда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари тилга олинар экан, аҳоли учун замонавий турар жойларни барпо этиш, уларни мустаҳкам ва шаҳар инфратузулмасига тўла мос келадиган шаклда қуриб битказиш каби бир қатор масалалар ҳақида сўз борди, дея хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Жумладан Сергели туманида бунёд этилаётган метро йўлини қуриш ўта мураккаб жараён эканлиги ва қурилишда фойдаланилаётган техника турларига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди. Бундан ташқари геология масалалари ҳам алоҳида эътиборга олиниши бу борадаги ишларнинг пухта режа асосида ташкил этилаётганидан далолат беради.

Шунингдек, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар, хусусан кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиб уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш тўғрисида айтиб ўтилди. Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси Ўзбекитсон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ер кодекси, Кадастр тўғрисидаги қонун ва бир қатор қонун ҳужжатларга асосан кўчмас мулк объектининг кадастр хужжатларини шакллантириб уларга бўлган хуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошириб келмоқда.

Шу билан бирга Кадастр бошқармаси томонидан давлат хизматларини кўрсатишда 2013 йилдан бошлаб “Odnookno.uz” сайти яратилган бўлиб, ушбу сайт орқали 13 хил турдаги давлат хизматларини кўрсатиш учун мурожаатлар қабул қилинади. 2017 йил давомида ушбу сайт орқали 1045 та мурожаатлар қабул қилиниб ўз муддатида бажарилган.

Шунингдек, бошқармада амалга оширилган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар ва ўзгаришлар Kadastr.uz ҳамда Odnookno.uz веб-саҳифалари орқали мунтазам равишда ёритиб борилмоқда.

Жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан бошқарма биносида ва туманлардаги “Фуқаролар қабулхоналари”да йил бошидан 881 та фуқаролар қабул қилинган, бошқарма ва корхона раҳбарларининг шахсий қабуллари (пайшанба ва шанба соат 14-00 дан 17-00 гача) ва “Сайёр қабуллар” ташкил этилган. Бошқарманинг “Ишонч телефони” 239-35-21 мунтазам ишлаб туради. Бошқарма бошлиғининг виртуал қабулхонаси (qabul.kadastr.uz) 2017 йил 8 январдан ишга туширилган бўлиб, жами 239 та мурожаатлар келиб тушган.

Хатлов ишлари, биринчи навбатда жисмоний шахсларга тегишли якка тартибдаги турар жой ва нотурар жой объектларига қаратилган бўлиб, хатлов натижасида аниқланган ўзгаришлар оқибатида, шаҳар солиқ солиш базаси ўртача 112 млрд. сўмга кўпайгани ҳақида қисқача маълумот бериб ўтилди.

Тадбир сўнггида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Изоҳ билдириш