19408

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида навбатдаги чегара пунктлари пиёдалар учун очилди (видео)

Ўзбекистон 2 октябрь 15:32 598

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг таклифига биноан 5-6 сентябрь кунлари қўшни давлатда бўлганди. Ташриф доирасида икки давлат ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий, маданий ва мамлакатлар чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш каби масалаларда келишувларга эришилганди.

Келишувларнинг амалий ифодаси сифатида ҳар икки мамлакатни боғлаб турувчи чегара постларини аҳоли вакиллари учун очилаётганини айтиш мумкин. Куни кеча, фаолияти қайта тикланган Фарғона вилояти Водил чегара пости ва Андижон вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги «Маданият» чегара божхона постларидан энди пиёдалар эмин-эркин харакатланишлари мумкин.

Постларни очилиш маросимлари катта тантанага айланди. Унда сўз олганлар ўзбек ва қирғиз халқларининг тарихи умумий, маданий ва диний қадриятлари муштарак, анъана ва урф-одатлари ўхшаш экани, халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстлик, қардошлик ва аҳил қўшничилик муносабатлари кейинги вақтларда янги босқичга кўтарилганини таъкидлашди.

Ҳар иккала чегара божхона пости айни дамда пиёдалар ҳаракатланишлари учун очиқ. Пост иш тартиби соат 07.00 дан 19.00 га қадар этиб белгиланган.

Маълумот учун: Бу Президентлар учрашувидан сўнг очилган 4 постдир. Шу йилнинг 6 сентябр куни Андижон вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош «Дўстлик» чегара божхона комплекси ўз фаолиятини бошлаган бўлса, 20 сентябр куни Наманган вилоятининг ушбу Республика билан чегарадош «Косонсой» чегара божхона пости фаолияти қайта тикланганди.


Изоҳ билдириш