18972

Ўзбекистон Россия бизнес форуми якунида “Йўл харитаси” имзоланди

Иқтисод 27 сентябрь 14:43 476

Тошкент шаҳрида “Ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзуида Ўзбекистон ва Россия ишбилармонларининг форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг савдо, саноат, иқтисодиёт, ёқилғи-энергетика, банк-молия, электр техникаси ишлаб чиқариш, сайёҳлик, авиаташув, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, логистика каби соҳаларга ихтисослашган фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.

Икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашда айрича аҳамият касб этувчи мазкур анжуманда ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Россия-Ўзбекистон ишбилармонлик кенгаши раиси Фёдор Дегтяров мамлакатларимизаро савдо-иқтисодий алоқалар жадал суръатларда ўсаётганини таъкидлаб, бунга Ўзбекистонда кечаётган валюта сиёсатининг либераллаштирилиши, судлар фаолияти самарадорлигининг ошиши, солиқ маъмурчилигидаги енгилликлар сабаб бўлаётганини айтди.

Фёдор Дегтяров: Жорий йилнинг январь-июль ойларида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси 1 млрд 801 млн долларни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоиз юқори. Ўтган йил 27 октябрда Тошкентда ўтган Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми фаол ҳамкорлик алоқаларимизда янги уфқларни очган эди. Унинг доирасида 100 дан ортиқ икки томонлама учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. Қатор шартномалар имзоланди, машинасозлик, металлургия маҳсулотлари ва ускуналари ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар ташкил этиш тўғрисида келишувларга эришилди. Жорий йил бошида Ўзбекистон ҳукумати ва ишбилармон доира вакиллари Россиянинг Свердловск, Челябинск, Новосибирск вилоятлари, Бошқирдистон Республикасида бўлиб қайтишди. Бугунги анжуман доирасида ишлаб чиқилган таклифларни Россия ва Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлигига доир ҳукуматлараро комиссияларнинг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритамиз.

Хозирда Ўзбекистон Республикасида Россия сармояси иштирокидаги 961 та корхона фаолият юритиб, улардан 810 таси қўшма, 151 таси эса 100 фоиз Россия капиталига эга. Шунингдек, мамлакатимизда Россиянинг 64 та фирма ва компаниялари ваколатхоналари аккредитациядан ўтган. Ўз навбатида Россия ҳудудида Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокидаги 569 та корхона ташкил этилган.

Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси ўртасида халқаро тижорат арбитражи ва медиация соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим, шунингдек, 2018-2019 йилларда Россия-Ўзбекистон ишбилармонлик кенгаши ва Ўзбекистон-Россия ишбилармонлик кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум низомларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси – “Йўл харитаси” имзоланди.

Шунингдек, анжуманда шўъбаларга бўлинган ҳолда “Минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш”, “Туризм”, “Транспорт ва логистика” мавзуларида муҳокамалар ўтказилди.


Изоҳ билдириш