18641

Уйлар топширилган, аммо ҳужжатлари-чи?

Ўзбекистон 25 сентябрь 12:03 563

Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон кўчасидаги кўп қаватли 32-уйда жуда ҳам кўп камчиликлар учрамоқда.

2015 йили фойдаланишга топширилган ушбу кўп қаватли уйнинг айрим ишлари чала қолиб кетган.

Бундан ташқари уй эгаларининг қўлида 2 йилдан бери уйнинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ. Уйнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилмаган.

Уйда истиқомат қилувчилар нима сабабдан уй ҳужжатларини бермайсиз, деб ушбу кўп қаватли уйни қурган МЧЖ раҳбарларига қайта-қайта мурожаат қилишса ҳам, раҳбарлар бир-бирларини баҳона қилиб, МЧЖнинг лавозимли шахсларига қарата қўзғатилган жиноят иши борлигини бахона қилиб, уй эгаларини алдаб келишмоқда.

“Нукус темир бетон қурилиш” МЧЖ раҳбарлари бўлган Базарбай Адилбеков ва Бауржан Боранбаевлар бир-бирини айблаб, ушбу 32-уйга ажратилган маблағларни, яъни кўп суммадаги пулларни ўз манфаатлари йўлида сарфлаб юборишганидан хабардор бўлдик”, – дейди уйда яшовчи аҳоли ва дўкон эгасининг бири.

“Бизлар ушбу МЧЖ билан икки томонлама шартнома тузиб тегишли пулларни шу кунга қадар тўлаб келдик. Бироқ яқинда “Мажбурий ижро бюроси” ходимлари келиб огохлантирмасдан бизларнинг биринчи қаватдаги дўконларимизни тортиб олиб, суд қарорига мувофиқ хатланди деб эшикларимизни қоғоз билан печатлаб ёпиб кетди”, – дейди уйнинг 1-қаватидан дўкон сотиб олган тадбиркор. – Бундан сўнг 2-3-4 қаватда яшаётган оилаларнинг уйларини ҳам хатлаймиз деб айтишди. Сабаби шу кўп қаватли уйни қурган жамиятнинг қарзи кўп экан деб бизларни огоҳлантирди. Бу жамият раҳбарлари ходимлари қандай қилиб халқни ўйламай, ўз манфаатлари йўлида шунча пулни йўқ қилишган?

32-уйни кўздан кечирар эканмиз, подъездлар ишланмаганлигини, подваллар очиқ ҳолда қолдирилганини, квартиралардаги хоналарга ишлов берилмаганини гувоҳи бўлдик.

Уйнинг олдида болалар майдончаси йўқ.Чиқинди ташлайдиган яшиклар эшик олдида тартибсиз ҳолда турибди

Ҳаттоки икки подъездда ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаган. Фақатгина бино қад ростлаган.

32-уйда истиқомат қилаётган оилалар ва 1-қаватдаги дўкон эгалари 3 та масала бўйича мурожаат йўллашди.

1. Мазкур 32-қаватдаги дўкон ва квартираларни барча кадастр ва бошқа ҳужжатларини тез кунда ишлаб бериш;

2. Мажбурий ижро бюро томонидан хатланган дўконларни хатловдан чикариш;

3. Кўп қаватли уйнинг ташқи томонида чала қолдирилган ишларни тўлиқ ишлаш ҳамда болалар майдончасини қуриб бериш;

 

Дўкон эгаларини ташвишлантираётган нарса шуки, агар “Нукус темир бетон қурилиш” МЧЖнинг “Миллий банк”дан ва бошка ташкилотлардан жами 3,2 млрд сўм қарзи тўланмаса, уларнинг дўконлари аукционга қўйилар экан. Шунинг учун дўкон эгалари ушбу масалани тезроқ ҳал қилиш бўйича мурожаат этишди.

Дўкон сотиб олган тадбиркорларнинг айби нима? Улар ўзларининг ишлаб топган пулларига сотиб олган дўконларидан, бошқа бировнинг айби билан айрилиб қолаверишадими?

Тез орада бу масала бўйича тегишли жойлардан жавоб кутамиз.

Изоҳ билдириш