18063

Мирзиёев БМТда диний бағрикенглик тўғрисидаги резолюцияни қабул қилиш таклифини киритди

Ўзбекистон 20 сентябрь 8:30 585

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди.

Мирзиёев таклиф аЎзбекистон бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблашини таъкидлаб ўтди.

«Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади», — деди Ўзбекистон президенти.

Мирзиёев шунингдек, Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этиб ўтди.

«Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган «Саҳиҳи Бухорий»нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик», — деб таъкидлади Мирзиёев.

«Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман.

Бу ҳужжатнинг асосий мақсади — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат», — деб ўз нутқини давом эттирди президент.

Мирзиёевга кўра, ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган.

Изоҳ билдириш