17358

«Ошдаги очопатлар»: Ўзбегим фестивалида палов учун муштлашганлар қаттиқ қораланмоқда

Ўзбекистон 9 сентябрь 17:35 2 180
Фото: Facebook.com

Жума куни, ўзбек маданияти фестивали доирасида рекорд даражадаги палов тайёрланди. Таомнинг умумий оғирлиги 7,3 тоннадан зиёдни ташкил этди. Аммо мана шундай чиройли байрам палов тарқатилишида юзага келган тартибсизлик туфайли аксарият меҳмонларга татимади. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксарияти ўз ватандошларининг бундай ҳатти-ҳаракатларини бир овоздан «шармандачилик» дея баҳолашди.

Раздача плова… Сказать, что мне стыдно – ничего не сказать.

Опубликовано TROLL UZ 8 сентября 2017 г.

Айни вақтда ижтимоий тармоқларда «ош учун жанг» тасвирланган роликлар тарқатилиб, видео остида қолдирилаётган изоҳлар ҳам ортиб бормоқда. Troll.uz томонидан палов учун навбатда туриш акс этган видеороликка 300дан ортиқ ўта танқидий изоҳлар қолдирилган.

«Ҳозир кўриб ҳайратдан қотдим! Шармандалик! Кап-катта аёлларни қаранг, эҳ уятсизлар…! Ўзини қадрини овқатга алмаштирган одамзод!», — деб изоҳ қолдирган Сокин Қалб никли фойдаланувчи.

«Тинчлик замонида яшаётган бўлсак, уруш йўқ бўлса, озиқ-овқат мўл бўлса, ҳамма нарса бўлса! Ўзбекистон халқи, сенга нима бўляпти? Бу одамларнинг ҳатти-ҳаракати учун мен уялиб кетяпман! Бола йиғлаяпти, ота-оналар эса палов учун бир-бирининг томоғини кесишга тайёр!… Одамлардан кўнглим қолди», — деб афсусланган Мурат Абзалов.

«Катта палов фестивалида қорин дардида ош талашаётган эс-ҳушли инсонларни кўриб ҳайрон қолдик. Сал қолса, ош йўқ деган милиционерларни ҳам еб қўярдилар. Ҳаммаси ҳам майли, сквердаги газонларга раҳмим келяпти», — дея изоҳ қолдирган Дон Вито никли фойдаланувчи.

Тадбирда бўлган аксарият фуқаролар эса ур-сурга қолишни истамай, эртароқ уйга қайтишгани ҳақида ёзишган.

«Аввалига ҳаммаси жилмайиб юришганди, палов тайёр бўлиши билан ҳаммасининг қўлида қаердандир тоғорачалар пайдо бўлди», — деб ғазабини яширмаган иштирокчи меҳмонлардан яна бири.

Журналист, телебошловчи Дилшода Матчанова ориятсиз, ғурурсиз инсонлар қаердан пайдо бўляпти, дея савол берган.

Аввалига палов Тошкент шаҳрининг 14та жойида тарқатилиши ҳақида хабар қилинган эди, аммо одам тиқилинч бўлиб кетгани учун тайёрланган таомни болалар уйига топшириш ҳақида қарор қабул қилинган.

Тадбир давомида жароҳатланганлар ёки қўлга олинганлар ҳақида маълумот ҳеч қаерда берилмади.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Тошкент шаҳрида тайёрланган ва Гиннеслар китобидан ўрин олган паловнинг умумий оғирлиги 7360 кг ташкил қилди.

Изоҳ билдириш