16636

Хитой Халқ Республикаси Раиси Президентимизни табриклади (видео)

Ўзбекистон 30 август 16:16 433

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Хитой халқи ва шахсан ўз номимдан Ўзбекистон халқини мамлакатингиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан самимий муборакбод этиб, эзгу ниятларимни изҳор қиламан. Мустақилликнинг 26 йили давомида Ўзбекистон Республикаси сиёсий барқарорликни сақлаб, иқтисодий юксалишга эришди. Шунингдек, халқаро нуфузи тобора ортиб, давлат қурилишида ёрқин муваффақиятларни қўлга киритган мамлакатга айланди.

Давлат раҳбари лавозимига тайинланган кунингиздан бошлаб, Сиз томондан халқ манфаати йўлида қатор стратегик аҳамиятга эга ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон халқининг қўллаб-қувватлаши билан мамлакат тараққиёти йўлида янгидан-янги имкониятлар очилмоқда. Шу йилнинг май ойида Сиз илк бор Хитойга давлат ташрифини амалга ошириб, «Бир макон – бир йўл» халқаро форумида иштирок этдингиз. Ташриф давомида икки томонлама ҳамкорлигимизга янгича сурат бағишлаган мулоқот ва келишувларга эришдик.

Мен Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп томонлама стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳамда Сиз билан яқин дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор билан қарайман.

Мен Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар икки мамлакат ва халқлар манфаатларига хизмат қилувчи икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Сиз билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёрлигимни изҳор этмоқчиман.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасининг тараққий этиши ва янада гуллаб-яшнашига, ўзбек халқига бахту саодат тилашга рухсат бергайсиз.

Ҳурмат билан,

Си Цзиньпин,
Хитой Халқ Республикаси Раиси

Изоҳ билдириш