16211

Википедияда Ўзбекистон ҳақида маълумот кўпаяди

Ўзбекистон 24 август 20:47 488

Ўзбекистон ҳукумати интернетда миллий контент миқдорини кўпайтиришга қаратилган дастур қабул қилди.

Унда 2017-2019 йиллар давомида интернет тармоғида миллий контентни ривожлантириш мақсадида бир неча ишлар амалга оширилиши назарда тутилган.

Хусусан, Миллий кутубхона ва маҳаллий кутубхоналар фондларини рақамлаштириш, ягона музейлар портали ташкил қилиш ҳамда маҳаллий ижтимоий тармоқлар хостинги учун имтиёзлар назарда тутилган.

Шунингдек, дастурда рақамлаштирилган манбааларга интернет орқали кириш учун барчага имконият яратиб бериш назарда тутилган.

2018 йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг барча музейларини қамраб олган ягона музейлар портали ишга тушиши белгиланган.

2020 йилга келиб “Википедия” интернет-энциклопедиясида Ўзбекистон ҳақидаги маълумотлар миқдорини ошириш, диний мавзудаги мобил илова яратиш ҳамда маҳаллий ижтимоий тармоқлар учун имтиёзли хостинг хизмати яратиш мўлжалланган.

Ахборот ва коммуникация вазирлиги ушбу йилнинг ноябрь ойида миллий контентни ривожлантириш фонди ташкил қилиши керак.

Шунингдек, интернетнинг миллий сегментида траффик алмашишнинг пиринг тизимини ташкил қилиш, операторлар, контент яратувчилар ва провайдерлар орасида ўзаро ҳисоб-китоб тизимини йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган.

Миллий контентни ривожлантириш дастури доирасида қабул қилинаётган чоралар маҳаллий нашрлар ва телевидение орқали кенг кўламда ёритилиб бориши керак.

Изоҳ билдириш