16164

“Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди

Ўзбекистон 24 август 14:25 524

Пойтахтимизда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан мазкур кўрик-танловнинг якуний босқичи ўтказилди. “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган танловнинг бу йилги шаҳар ва вилоят босқичларида 15 минг нафардан зиёд тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёллар иштирок этди. Вилоят босқичида фаол иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган 57 нафар тадбиркор ва фермер аёллар Республика босқичига етиб келишди.

Танловда тадбиркор ва фермер хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда тадбиркор, ишбилармон, ҳунарманд, фермер хотин-қизларнинг маҳсулотлари, айниқса, миллий йўналишдаги либослар намойиши кўрик-танлов иштирокчиларида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, мустақилликка бўлган шукроналик ҳиссини уйғотди.

Ҳамкор ташкилотлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларидан иборат бўлган ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ишлари билан яқиндан танишиб, уларни очиқлилик, адолатлилик принциплари асосида баҳолаб боришди.

—Партия Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур танлов Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди, дейди – O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижрояи қўмитаси аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлим мудири Севара Муслимова. —Танловнинг ҳудудий босқичларида мамалкатимизнинг энг чекка, олис туманларидаги тадбиркор ва фермер хотин қизларни қамраб олганлиги ва янги иқтидор эгаларинии кашф этганлиги билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Шунингдек, иштирокчиларнинг лойиҳа низомига мувофиқ, хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратганлиги, фаолият туридан келиб чиқиб экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатаётган хизматининг сифати ҳамда фаолиятида ҳаётга татбиқ этиб келаётган янги инновацион ғоялари ҳам баҳолашда алоҳида эътиборга олинди.

Тадбиркор хотин-қизлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш майдони ва чинакам байрамига айланган мазкур тадбир давомида аёлни, Ватанни, истиқлолни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар садоси остида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда ҳакамлар томонидан ишбилармон аёл мақомига муносиб кўрилган иштирокчилар номи эълон қилиниб, “Замонавий тадбиркор аёл портрети”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл”, “Ташаббускор аёл” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Ғолибларга партия ва ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Танлов натижаларига кўра Навоий вилоятидан Астанова Дилором, Сирдарё вилоятидан Давронова Асалхон 1-ўринга, Наманган вилоятидан Маматова Нодира, Қашқадарё вилоятидан Солмонова Наргиза 2-ўринга, Тошкент шаҳридан Шоҳида Хожиев ҳамда Тошкент вилоятидан Бобоева Раънохон 3-ўринга муносиб топилди.

Ғолибларга партия ва ҳамкорларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари ва дипломлари топширилди.
—Камтарона меҳнатимизни юксак баҳолаб, биринчи ўринга лойиқ кўришганидан бошим осмонга етди, – дейди танлов ғолиби, “Санжаралимардонумид” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Асалхон Давронова. —Биз каби тадбиркор ва ишбилармон аёллар учун мана шундай рағбат кучимизга-куч, ғайратимизга-ғайрат бағишлайди.

Бу каби эътирофга танловда иштирок этган барча хотин-қизлар лойиқ. Ниятим, мана шундай шижоати баланд, янгиликка чанқоқ, ишбилармон хотин-қизлар сафи кенгайиб бораверсин.

Тадбир якунида иштирокчилар учун “Ўжарлар” номли спектакл намойиш этилди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Изоҳ билдириш