16154

МИБ ходимларига хизмат автомобиллари топширилди

Ўзбекистон 24 август 13:42 660

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Ушбу тузилма электр энергияси ҳамда табиий газ етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида шарт­нома мажбуриятларига сўз­сиз риоя этиш, шунингдек, суд ҳамда бошқа органлар ҳужжатлари ижросини амалга оширишда таъсирчан механизм бўлиб хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тизимда фаолият олиб бораётган ходимларга ўз хизмат вазифаларини тўлақонли, виждонан бажаришлари учун давлатимиз томонидан етарли шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу эса ҳар бир ходим ўз хизмат вазифасига жиддий ёндошиши ва уни рисоладагидек бажаришига асос бўлади. Қолаверса, ишнинг самараси, сифати, тезкорлик билан амалга оширилиши ҳам касб эгаларига яратилган шароитга боғлиқдир.

Жорий йилнинг 16 август куни Бош прокуратура хузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармасининг туман бўлимлари бошлиқларига хизмат автомобиллари ва туманларда хизмат қилаётган давлат инспекторларига мопед уловлари топширилди.

Ушбу тадбирда Мажбурий ижро бюросининг директори Б.Қудратходжаев, Тошкент шаҳар прокурори Ш.Облоқулов ҳамда Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Б.Қудратходжаев Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармасининг туман бўлимлари бошлиқларига бюронинг логотипи туширилган Нексия русумли хизмат автомобилларининг ва давлат инспекторларига мопед уловларининг калитларини тантанали равишда топширди.

Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ҳеч бир соҳа касб эгаларини бефарқ қолдирмайди. Қолаверса, юқорида таъкидлаганимиздек, ҳар қандай ғамхўрлик ҳар бир соҳа вакилини тўлқинлантиради ва билдирилган ишончни оқлашга ундайди.

Изоҳ билдириш