16100

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида “Ёш олимлар ассоциацияси” иш бошлади

Ўзбекистон 24 август 10:23 773

23 август куни Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университетида “Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси” мавзусида республика ёш олимларининг илмий – амалий анжумани бўлиб ўтди.

Ушбу анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси биринчи ўринбосари О.Тожиев, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар Агентлигининг Бош директори ўринбосари О.Тўйчиев, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори К.Шарипов ҳамда ёш олимлар, мустақил тадқиқотчи – изланувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда фан, таълим ва ишлаб чиқариш соҳаларини тизимли, изчил ва узвий боғлиқлигини таъминлаш, улар ўртасидаги зиддиятларни бартараф этиш ҳамда республикамизда илмий-тадқиқот изланишларини олиб бораётган ёш олимларимизнинг илмий ишланмаларини ҳаётга амалий татбиқ этишни кўзлаган анжуман Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуман давомида Ўзбекистонда Олий таълимдан кейинги таълим тизимини янада ривожлантиришнинг чора-тадбирлари, амалий натижалари, шу кунга қадар Олий таълим муассасаларининг ёш тадқиқотчилари томонидан яратилган илмий ишланмалар, ихтиролар ва инноватсион технологиялар ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигидаги “Республика ёш олимлар ассоциацияси”нинг мақсади, вазифалари ва ўз олдига қўйган истиқболли режалари асосида тақдимотлар намойиш этилди.

Шунингдек, анжуман давомида фан ва таълимнинг турли йўналишлари бўйича долзарб инноватсион тадқиқотлар, ёш олимларнинг соҳалар бўйича илмий-амалий маърузалари тингланди.

Изоҳ билдириш