15972

30 ёшгача бўлган ёшлар «Президент жамоаси»га ишга таклиф қилинмоқда

Ўзбекистон 23 август 8:28 1 742

Халқ таълими вазирлиги 30 ёшгача бўлган фуқароларга зўр иш ўринларини таклиф қилмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистон Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида хабар берди.

«Вазирлигимиз илғор, лидерлик қобилиятларига эга, глобал фикрлай оладиган, фаол, ташаббускор, креатив ва жамиятда ўз ўрнига эга, ўз лойиҳаларини амалга оширган ва оширмоқчи бўлган ёшлар учун янги вакансия эълон қилади!», —дейилган хабарда.
Танлов 3 босқичдан иборат:

— Номзодлар қизиқишлари, ютуқлари ва аниқ мақсадлари кўрсатилган резюме/CVларни [email protected] электрон почтасига юборишлари керак.

— 1-босқичдан муваффақиятли ўтган номзодлар «Юртимиздаги мактабларда таълим олаётган 1-11 синф ўқувчилари ҳаётида қандай янгиликларни амалга ошираман» мавзусида иншо ёзиши керак бўлади.

— Энг яхши иншо муаллифлари вазирликка суҳбатга таклиф қилинади.

«Бунинг учун махсус тажриба керак эмас! Бакалавр даражаси ва ёшлар билан ишлаш иштиёқи бўлса бас! Суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар вилоятлар ва хорижий давлатларга сафарлар уюштиради ва йирик давлат ва халқаро лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этади. Бу вазифа учун 30 ёшгача бўлган номзодлар таклиф қилинади.

Агар танишларингиз орасида ана шундай қобилиятга эга ёшлар бўлса, изоҳларда уларнинг исм-фамилиясини кўрсатиб ўтишингиз мумкин! Резюмелар 24 август соат 12:00 гача қабул қилинади!», — деб ёзган Саъдуллаев.

Ёш вазир ўринбосарининг бу эълонига жуда кўп фуқаролар қизиқиш билдирган. Фейсбук фойдаланувчиларининг аксарияти, таклиф этилаётган вакансияларга муносиб деб билган танишлари исм-шарифларини пост тагидаги изоҳларда келтириб ўтишган.

Шу билан бирга ёш чегарасининг «30» этиб белгилангани аксарият ўзбекистонликларнинг норозилик билдиришларига сабаб бўлган.

Изоҳ билдириш