15642

Ўзбекистон ҳарбийлари Россия махсус бўлинмалари тажрибаси билан танишади

Ўзбекистон 18 август 21:56 457

23 августдан 26 августгача Ўзбекистон ҳарбий делегацияси Самара вилоятида Россия махсус бўлинмаларининг (спецназ) тайёргарлик жараёни билан танишади. Бу ҳақида Россия Мудофаа вазирлиги хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон бош штаби ва Қуролли Кучлар академияси офицерлари Волгабўйидаги Марказий ҳарбий округнинг бирлашма ва ҳарбий қисмларига ташриф буюришади, тактик машғулотларда иштирок этишади, махсус операцияларни режалаштириш, ўтказиш ва ҳар томонлама таъминлаш бўйича тажриба алмашишади.

Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирликларининг 2017 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик борасидаги режасига асосан амалга оширилмоқда.

Илгарироқ Тошкентда бўлиб ўтган музокараларда марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-полковник Владимир Зарудницкий ва Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-полковник Қобул Бердиев ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлашганди.

Эришилган келишувларга мувофиқ, йил охирига қадар минтақавий ҳамкорлик масалалари бўйича кенг миқёсдаги штаб музокаралари, Ўзбекистоннинг Фориш полигонида ҳамкорликдаги тактик ўқув машғулотлари ва бошқа тадбирлар ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳарбийлари бу йил илк маротаба халқаро армия ўйинларида иштирок этди. 29 июлдан 12 августгача Россия, Озарбойжон, Беларус, Қозоғистон ва Хитойда бўлиб ўтган мусобақаларда ўзбекистонликлар 28 йўналишдан 8тасида қатнашишди. 29 давлат иштирок этган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 8-ўринни эгаллади.

Изоҳ билдириш