15529

Шавкат Мирзиёев: Жойларда профилактика масаласига етарлича эътибор берилмаяпти

Ўзбекистон 17 август 23:27 387

17 август куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, қатор вазирлик идоралар раҳбарлари, шунингдек, видеоселектор орқали Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, уларнинг ёшлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, жамоат ташкилотлари, ички ишлар органларнинг таркибий бўлинмалари мутасаддилари иштирок этди.

Йиғилишда ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Вазирлик тизимида ечимини кутаёган бошқа муаммолар ҳам йўқ эмас.

Президентимиз таъкидлаганидек, айрим ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларни барвақт аниқлаш ишлари қониқарли эмас. Масалан, республикамиз бўйича жиноятчилик кўрсаткичлари камайган, лекин Самарқанд вилоятида ошиб кетган. Бухоро, Навоий, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида хотин-қизлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари кўпайган.

Шу билан бирга, кўп бор таъкидланганига қарамасдан, жойларда профилактика масаласига етарлича эътибор берилмаяпти. Масалан, Самарқанд вилоятида содир этилган 49 та қотилликдан 14 таси, Жиззах вилоятида 10 тадан 4 таси, Навоий вилоятида 10 тадан 3 таси, Қашқадарёда 30 тадан 6 тасининг олдини олиш учун тўлиқ имкониятлар мавжуд бўлган – маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари муайян жиноят эҳтимолидан бохабар бўлса-да, бирор чора кўрмаган.

Бу борада яна бир муҳим масала – ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш фақат ички ишлар органининг вазифаси деган эскича қарашдан воз кечилмагани билан боғлиқдир. Хусусан, содир этилган оғир жиноятларнинг ҳар бешинчисига оилавий турмуш муносабатлари сабаб бўлган. Ваҳоланки, маҳаллалар, хотин-қизлар қўмиталари оилавий келишмовчиликларни ўрганиб, ўз вақтида бартараф этиши мумкин эди, деди давлатимиз раҳбари.

Шу муносабат билан “Маҳалла” фонди, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи раҳбарларига тегишли хулоса чиқариб, ҳамкорликда оилавий низолар, қўшнилар ўртасида келишмовчиликлар ва шу каби бошқа можароларнинг туб сабабларини аниқлаш, уларнинг ечимини топиш, томонларни яраштириш юзасидан зарур чоралар кўриш вазифаси топширилди.

Изоҳ билдириш