15516

Арипов ўзбек-қирғиз чегараси бўйича баённомалар имзоланганини билдирди

Ўзбекистон 17 август 16:56 471

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўзбек-қирғиз давлат чегараси бўйича давлатлараро оралиқ шартномасини тайёрлаш масаласида томонлар сезиларли силжишга эришганини билдирди. Бу ҳақида Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.

«Бугун Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашув доирасидаги очиқ ишончли мулоқот давомида икки томоннинг кун тартибида турган кўплаб масалалар юзасидан фикр алмашилди ва долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони қирғиз-ўзбек муносабатларига хос равишда очиқ, дўстона ва сермаҳсул муҳитда бўлиб ўтган самарали музокаралар натижаларидан қониқиш ҳосил қилди», — деди Абдулла Арипов.

У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қўшни мамлакатлар, хусусан Қирғизистон билан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият бераётганлигини таъкидлади.

Абдулла Арипов бўлиб ўтган музокараларда ўзбек-қирғиз муносабатларининг муҳим масалалари, турли соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинганини маълум қилди.

«Ўзбек-қирғиз давлат чегарасини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича ўтказилган самарали музокаралар алоҳида қониқиш ҳиссини уйғотади. Музокаралар натижаларига кўра баённомалар имзоланди», деди у.

Ариповнинг айтишича, икки мамлакат тегишли идораларига ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ҳамда уни диверсификация қилиш, инвестицион ҳамкорликни кучайтириш ва ишбилармон доиралар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш топширилган.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари томонлар фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, туризм, спорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканликларини тасдиқлашганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Бишкек шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссияси ҳамда давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Изоҳ билдириш