15346

19-20 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтади

Ўзбекистон 16 август 14:48 373

Вазирлар Маҳкамасининг 15 августдаги фармойишига биноан жорий йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 19-20 август – умумхалқ хайрия ҳашари кунлари деб эълон қилинди.

Мустақиллик шарофати билан мамлакатимизда, жумладан, Тошкент шаҳрида кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилаяпти. Айниқса, кенг жамоатчилик томонидан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига катта эътибор бериб келинмоқда. Халқимизда “Ҳашар — элга ярашар” деган нақл бор.

Шунга амал қилган ҳолда жойларда ҳашарлар ташкил этилиши ҳудудлар ободлигига муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Дарҳақиқат, юртимизда байрамлар ва қутлуғ кунлар олдидан ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва орасталашга муҳим эътибор қаратган ҳолда ҳашарлар ўтказиш ҳайрли одатга айланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамини  муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, халқимиз орасида миллий қадриятларимизга хос бўлган ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтириш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш, пойтахтимизнинг барча ҳудудларида санитария ҳолатини яхшилаш   мақсадида жорий йилнинг 19-20 август кунлари юртимизда, шу жумладан пойтахтимизда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади.

Ҳашар мобайнида турар-жой мавзелари, кўчалар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва бошқа ҳудудлар ободонлаштирилиб, тозаланади. “Махсустранс” корхонаси ва туман ҳокимликлари томонидан ободонлаштириш ишлари ўтказилиши жараёнида тўпланган чиқиндиларни белгиланган жойларга олиб чиқилиши таъминланади.

Ҳашар ўтказилиши муносабати билан барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар ва туман бўлимларининг банкдаги ҳисоб рақамларига ихтиёрий равишда ўтказилади.

“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлими томонидан хайрия ҳашаридан тушган маблағлар кам таъминланган оилаларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексаларга, пенсионерларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, уй хўжалик ишларига кўмаклашиш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини яхшилаш каби тадбирларга сарфланади.

Изоҳ билдириш