14752

O‘zLiDeP: танқидий-таҳлил фаолиятимиз мезони

Ўзбекистон 9 август 10:05 309

2017 йилнинг 8 август куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилиши якунлари ҳар томонлама кўриб чиқилди, сиёсий партиялар олдига қўйилган вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича O‘zLiDePнинг устувор вазифалари белгилаб олинди.

Мажлис иштирокчилари асосий эътиборини партия фаолиятини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш асосида O‘zLiDeP фаолиятини тубдан янги босқичга кўтариш, кенг миқёсли ислоҳотларнинг оддий иштирокчиси ва кўмакчисидан уларнинг ташаббускорига, янгиланишларнинг асосий ижрочисига айланиш масалаларига қаратишди.

Шунингдек, тадбирда партия фаолиятида мавжуд муаммоларни бартараф қилиш бўйича чора-тадбирлар комплекси кўриб чиқилди. Биринчи навбатда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол ва самарали иштирок этиш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Зеро, ушбу стратегик муҳим ҳужжатни рўёбга чиқариш сайловолди кампанияси давомида O‘zLiDeP томонидан кўтарилган долзарб муаммоларнинг амалда бартараф этилишига хизмат қилади.

Мажлисда O‘zLiDeP ўз дастурий мақсад ва вазифаларини, мафкуравий соҳадаги ишларини қайта кўриб чиқиб, уларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши, бунда жаҳон тажрибасини ўрганиши принципиал жиҳатдан муҳим экани алоҳида таъкидланди. O‘zLiDePнинг ҳудудий кенгашлари партия электоратини ўйлантираётган долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларнинг амалий ечимларини излаш бўйича ишлари қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди. Бундай камчиликларни зудлик билан бартараф қилишга қаратилган тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, мажлисда O‘zLiDeP депутатлик корпуси, айниқса Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси фаолиятини янада кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Партия электоратининг туб манфаатларига дахлдор соҳалар учун масъул бўлган вазирлик ва идоралар фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Шуҳрат Шарафутдинов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Ишчанлик руҳида ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбарининг танқидий-таҳлилий маърузасидан келиб чиқиб, олдимизда турган устувор вазифаларни белгилаб олдик. Йўл қўйган камчиликларимизни аниқлаб олдик.

Хўш, бу борада биз депутатларнинг эндиги вазифаси нимадан иборат бўлиши керак? Ҳеч муболағасиз айтишим мумкинки, олдимизда турган энг муҳим устувор вазифалардан бири қонун лойиҳаларини парламентда муҳокама этиш ва қабул қилишда партиявий ёндашув ва фракциямизнинг қатъий позициясини тизимли равишда ишлаб чиқишни йўлга қўйишимиз лозим.

Қонунларни қабул қилишда одамларнинг муносабатини уларнинг ичида туриб, улар билан бирга юриб ўрганиш, қонунларимиз тўлақонли бўлишини ва кутилган самарани бериш мақсадида муҳокамаларни маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда энг чекка қишлоқларда ташкил этиш механизмини йўлга қўйишимиз даркор. Ана шунда Президентимиз таъкидлаганидек, қонунлар мукаммал ҳаётий кучга эга бўлади.

Яқинда парламентда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаларини кенг аҳоли орасига муҳокама қилиш, улардан кўплаб аниқ таклиф ва фикр-мулоҳазалар олиш мақсадида партиянинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “O‘zLiDeP муҳокамага чорлайди” гуруҳида онлайн мулоқот йўлга қўйилгани жуда яхши самара бераяпти. Фуқаролар биз билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришиши имкониятига эга бўлишди. Бу ҳам бугунги куннинг, давлатимиз раҳбарининг биз депутатлар олдида қўяётган долзарб вазифаларидан бири саналади.

Алишер Абдуллаев, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси:

– Бугунги йиғилиш кун тартибига киритилган масала ниҳоятда долзарб. Ҳақиқатдан ҳам ҳозирги кунда фаоллигимиз сусайиб, ўтказаётган тадбирлар электоратимиз вакилларини зериктириб қўяётганлиги ва самарадорлиги тушиб кетганлигини тан олишимиз керак. Шу боис, партия томонидан ўтказилаётган тадбирларнинг сифат ва самарадорлигини ошириш биринчи галдаги вазифамиздир. Бугунги йиғилишдан келиб чиқиб муҳим вазифаларни белгилаб олдик. Устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги барча туман ва шаҳарларни ҳудудларга тақсимлаган ҳолда тадбиркорлар манзиллари рўйхатини шакллантириш, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳар бир тадбиркор билан учрашиш ва муаммосини партиявий механизмлар орқали ечишга эътибор қаратамиз. Ҳар ойда икки кун партия аппаратларидаги барча йўналишларда ишлайдиган ходимларларнинг билим ва малакасини ошириш мақсадида амалий машғулотлар олиб борадиган “Ўқув марказлари” мунтазам фаолият кўрсатишини амалга оширамиз.

Шунингдек, Сиёсий Кенгаш йиғилишида партиянинг ёшлар, айниқса уюшмаган ёшлар билан ишлаш, кадрлар захирасини шакллантириш бўйича фаолиятини такомиллаштиришга доир долзарб масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада партиянинг Ёшлар бўлими фаолиятини янада кучайтириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Сиёсий Кенгаш йиғилишида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Изоҳ билдириш