14440

Президент – Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият бизнесга айланмаслиги шарт

Ўзбекистон 4 август 8:54 405

2017 йилнинг 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда маданият, санъат, адабиёт ва ОАВдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳамда келгусидаги вазифалар кўриб чиқилди. Йиғилишда барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда қатор идора, ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этди.

Президентимиз халқимизнинг маънавий камолотида ижодкорларнинг хизмати беқиёс эканини алоҳида таъкидлаб, тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида барча соҳалар вакиллари қатори маданият ва санъат аҳлидан ҳам янада фаоллик, янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳи талаб этилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз бўлиб ўтган очиқ ва самимий мулоқотнинг аҳамияти, мантиқий натижаси ҳақида сўз юритиб, “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”, деган фикрни қатъият билан таъкидлади.

Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, академиклар О.Салимов, Р.Убайдуллаева, Бадиий академия раиси А.Нуриддинов, Ўзбекистон халқ шоираси Ҳ.Худойбердиева, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби А.Слоним, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори С.Ғафурова, Ўзбекистон халқ артисти О.Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр Ҳ.Насимов, Бастакорлар уюшмаси раиси Р.Абдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ж.Пиязов ва бошқалар маданият, адабиёт ва санъат соҳасига кўрсатилаётган юксак эътибор, самимий мулоқот учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, белгилаб олинган мақсад ва вазифалар, яратилаётган шароит ва имкониятлар ижод аҳлини янги ва сермазмун асарлар яратишга руҳлантириши, барча ижодий ташкилотларни ўз фаолиятини қайтадан кўриб чиқиб, уни ҳар томонлама самарали ташкил этишга даъват этишини таъкидладилар.

Изоҳ билдириш