14392

O‘zLiDeP ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида битим имзоланди

Ўзбекистон 3 август 14:02 378

Бугун Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал – демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси билан “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди.

Ушбу Битим O‘zLiDeP ва Марказнинг дастурий мақсадларидаги ўзаро муштарак вазифаларни, хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги «Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак» номли маърузасида белгиланган устувор вазифаларни бажариш йўлидаги самарали ҳамкорликка асос бўлиб хизмат қилади.

Битимда белгилаб қўйилганидек, O‘zLiDeP, Марказ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, вазирлик, идора ва ташкилотлар, тижорат банклари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида партия электорати бўлмиш тадбиркор ва фермерларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, хўжалик бошқаруви соҳасидаги билим ва тажрибаларини мунтазам ошириб бориш юзасидан доимий семинар-тренинг, очиқ мулоқотлар, кўргазма ва форумлар ҳамда бошқа тадбирлар мунтазам равишда ташкил этилади ва оммавий ахборот воситалари кенг ёритилади.

Шунингдек, O‘zLiDePнинг қатор лойиҳалари доирасида тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашига қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда Марказнинг малакали мутахассислари, экспертларини жалб қилиш, янги саноат корхоналари ва сервис марказларини, кичик саноат зоналарини ташкил қилиш, йирик хўжалик бирлашмаларининг маблағлари ҳамда банк кредитлари ва хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига кичик шаҳарлар ва шаҳарчаларни жадал ривожлантириш ҳамда партия кенгашлари қошида “Стратегия хоналари”ни ташкил қилиш ва масъул ходимларни тайинлаш каби ҳамкорликнинг бир нечта асосий йўналишлари белгилаб олинди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Изоҳ билдириш