14173

Ўзбекистон мева-сабзавотлари ягона бренд остида экспорт қилинади

Иқтисод | Ўзбекистон 31 июль 19:09 500

Ўзбекистон мева-сабзавотлар экспорти учун ягона бренд ишлаб чиқди. Бундан буён республикада етиштирилаётган барча мева-сабзавотлар ягона UzAgro — товар бренди остида экспорт қилинади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси раҳбарияти фикрига кўра, ушбу бренд дунёнинг исталган нуқтасида, еткизиб берилаётган маҳсулотларнинг юқори сифатли эканлигининг кафолати бўлади. Ўзбекистонда етиштирилган ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Uzagro товар белгиси остида халқаро бозорда ўзининг муносиб ўрнини топишига холдинг мутахассисларининг ишончи комил.

«Ўзбекистон маҳсулотлари ягона бренд остида самарали тарғиб қилинганда, биз қисқа вақт ичида юқори натижага эришамиз. Дунёнинг ҳар бир мамлакатида UzAgro брендини кўрган харидорлар экологик тоза, юқори сифатли ва биологик ҳамда маза-таъм хусусиятлари бўйича бошқалардан устун бўлган бўлган маҳсулот сотиб олишаётганига ишончлари комил бўлади. UzAgro — маҳсулот экспортчиларини бирлаштирувчи кучга айланади. Биргаликда биз биринчи бўламиз», — деди «Ўзбекозиқовқатхолдинг» раиси
Тоҳиржон Жалилов.

Жалилов айтишига қараганда, ишлаб чиқарувчилар янги, ягона бренд остида нафақат ўз маҳсулотларини савдога чиқаришлари мумкин бўлади, балким уларга бир қатор масалаларни ҳал қилишга ёрдам ҳам берилади.

Ўзбекистон ўз мева-сабзавотларини ягона бренд остида экспорт қилади
«Масалан, бўлажак экин экиш мавсумидаёқ биз жаҳон бозорида керакли бўлган маҳсулот миқдори ва хусусиятлари борасида маслаҳат беришимиз мумкин. Сақлаш ва ташиш харажатларини камайтиришга ёрдам берамиз. Ҳуқуқий ёрдам ҳам кўрсататмиз. Ишончили ҳамкорлар топишга ҳам ёрдам берамиз», — деди Жалилов.

Компания мутахассилари фикрига кўра, брендни ривожлантириш борасида стратегик режалар тузиш, келажакда харажатларни камайтириш имконини беради. Бугунги кунда ортиқча ёки кам ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқариш, нарх белгилашдаги тартибсизликлар, ҳамкорлар танлашдаги хатолар, еткизиб беришнинг қиммат услублари ҳамда қимматга тушаётган кредитлар ва бошқалар экспортлар учун қимматга тушмоқда.

Изоҳ билдириш