13976

Мусодара қилинган мол-мулклар онлайн-аукционлар орқали сотилади

Ўзбекистон 28 июль 9:05 554

Шу йилнинг 1 сентябридан бошлаб мусодара қилинган мол-мулклар «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукционлар орқали сотилади, деб хабар бермоқда uz24.uz. Хабарга кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш билан Мажбурий ижро бюроси ҳузуридаги «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси шуғулланади.

Электрон онлайн-аукционлар уларда Интернет тармоғи орқали иштирок этиш имконини берадиган ҳамда буюртмаларни қабул қилиш ва ғолибни аниқлаш тартиб-таомилларига аралашувни истисно этадиган махсус дастурий маҳсулотдан фойдаланилган ҳолда ўтказилади.

Электрон онлайн-аукционлар ўтказилиши ҳақидаги хабарнома ва лот тўғрисидаги маълумот уларни ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли операторнинг веб-порталида, шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий бошқармалари веб-сайтларида аукцион ўтказиш бошланишига 10 календарь кундан кечиктирмасдан жойлаштирилади.

Дастлабки электрон онлайн-аукцион нархни ошириб бориш тамойили, такрорийлари эса нархни тушириб бориш тамойили бўйича ўтказилади.

Изоҳ билдириш