39111

Ж.Артикходжаев ва П.Бобожонов аҳоли билан очиқ тарзда мулоқот ўтказди

Ўзбекистон 17 май 16:04 2 031

Жорий йилнинг 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Артикходжаев халқ билан мулоқот қилиш мақсадида, Олмазор туманидаги “Хончорбоғ” маҳалласига ташриф буюрдилар.

Ташриф давомида “Хончорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини билан бир бинода жойлашган ички ишлар органи бошлиғи раҳбарлигидаги туман ҳудудини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор Ишчи гуруҳи штабининг фаолияти билан яқиндан танишилди. Сектор ишини самарали ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилиб, штаб фаолияти учун яратилган шароитлар ижобий баҳоланди.Шундан сўнг, вазир ва шаҳар ҳокими 36-умумий ўрта таълим мактаби биносида туманнинг турли маҳаллаларида яшовчи аҳоли билан очиқ тарзда мулоқот ўтказдилар.

Шу куни Ички ишлар вазири ва шаҳар ҳокими аҳолида мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида, Шайхонтохур туманида ҳам фуқаролар билан “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида учрашдилар.

Учрашувларда Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи генерал-майор Р.Джураев, шаҳар прокурори адлия катта маслаҳатчиси Ш.Облоқулов, секторлар раҳбарлари бўлган тегишли туман ҳокими, прокурори, Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари, бошқа мутасадди идоралар вакиллари ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишларда Ички ишлар вазири П.Бобожонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Артикходжаев сўзга чиқиб, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг раҳбарлигида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган тизимли туб ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб, қисқа муддат ўтишига қарамасдан улар ўз самарасини бераётганлигини, бугунги кунда ҳар бир фуқаро ва оиланинг тинч ва фаровон турмуш кечиришига хизмат қилаётганлигини таъкидладилар.

Фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорининг аҳоли турмуш даражасини оширишдаги аҳамияти, қарор асосида ташкил этилган бошқарувнинг янгича шакли халқни ташвишга солаётган долзарб масалаларни ўз вақтида ва жойида самарали ҳал этишга, муаммоси бўлган бирон бир хонадон ёки оила давлат ва жамият эътиборидан четда қолмаслигини таъминловчи тизимни яратишга қаратилганлиги батафсил тушунтирилди.


Генерал-майор П.Бобожонов ўз маърузасида ички ишлар органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш бўйича ўтган даврда амалга оширилган чора-тадбирлар, уларнинг аҳамияти ва амалда ижобий натижаси, шу билан бирга тизимда хануз мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш борасида режалаштирилган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, буларнинг барчасидан мақсад тизимни халқ манфаатларига хизмат қилувчи органга айлантириш эканлигини таъкидлади.

Мулоқотлар жараёнида учрашувларда иштирок этган ҳар бир фуқаронинг мурожаатига эътибор билан ёндашилди. Шаҳар ҳокими Ж.Артикходжаев томонидан аҳолининг шахсий масалалари билан бирга, маҳаллаларда мавжуд муаммолар, жумладан кўчаларни ободонлаштириш, бино ва ички йўлларни таъмирлаш, электр тармоғи ва оқава суви тизимларини яхшилаш, болалар уйингоҳларини ташкил этиш каби масала ва таклифлар диққат билан тингланиб, уларнинг бир қисми жойида ҳал этилди. Қолган масалаларни қўшимча ўрганиш ва қонуний ҳал этиш мақсадида, ҳокимият ва мутассадди идоралар вакиллари таркибида комиссиялар тузилиб, аниқ топшириқлар берилди ҳамда ижроси назоратга олинди.
Бундан ташқари, мулоқотлар давомида ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ, хусусан, паспорт ва йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимига доир масалалар бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушди. Улар шу жойнинг ўзида кўриб чиқилиб, ҳал этилиши таъминланди.

Учрашувларга келган фуқаролар республикамизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижаларини кундалик ҳаётларида чуқур сезаётганликларини билдириб, шаҳарда ҳудудларни ободонлаштириш, ижтимоий объектларни таъмирлаш, йўл қурилиши, янги иш ўринларини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда аҳолининг форовон ҳаётини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан берилаётган юксак эътибор учун Президентимизга катта миннатдорчилик изҳор қилдилар.

Шунингдек, Ички ишлар вазири ва шаҳар ҳокими Олмазор ва Шайхонтохур туманларига ташрифлари давомида ички ишлар бўлимлари фаолияти ҳамда улар жойлашган биноларда шахсий таркиб учун яратилган шароит билан танишдилар, бўлимларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар бердилар.

Изоҳ билдириш