44550

«Yoshlar – kelajagimiz» давлат дастурининг мазмун-моҳияти ҳақида ўқув-семинар ташкил этилди

Ўзбекистон 13 июль 10:19 283

Шу йилнинг 12 июль куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Халқ депутатлари ҳудудий Кенгашларидаги O‘zLiDePдан сайланган депутатлик гуруҳлари вакиллари ҳамда партиянинг ҳудудий кенгашларидаги “Ёшлар қаноти” етакчилари учун махсус ўқув-семинари ташкил этилди.

Ундан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ҳамда шу йилнинг 4 июль куни мамлакатимиз раҳбари бошчилигида ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқадиган вазифаларни таҳлил қилиш, шу давргача партия тузилмалари томонидан жойларда ёшлар орасида амалга оширилаётган ишларни яна бир бор танқидий таҳлил қилган ҳолда, бугунги кун талабаларига жавоб берувчи янги ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси раҳбари, бир қатор вазирлик ва идораларнинг ёш вазир ўринбосарлари ҳам иштирок этган ҳамда очиқ мулоқот шаклида ўтказилган муҳокамаларда кейинги икки йилда мамлакатимизда ёш авлоднинг мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол шахслар этиб тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётгани, ёшлар билан доимий мулоқот олиб бориш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг муносиб аъзоларига айланиши, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилашга жуда катта эътибор қаратилаётгани қайд этиб ўтилди.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурининг эса ушбу ишларнинг мантиқий давоми бўлганлиги, ўз моҳияти, кўлами, кўзда тутилган қамровли масаланинг етарли молиявий асослантирилгани билан ушбу дастур на бошқа давлатларда на Ўзбекистон тарихида аналогига эга бўлмаган ёшлар масалаларига мутлақо ўзгача ёндашув бўлгани таъкидланди.

Шу билан бирга мамлакатимиз раҳбари томонидан ёшлар масаласига қайта-қайта эътибор қаратилаётгани бежиз эмаслиги, жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга, шунингдек, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар ҳанузгача сақланиб қолаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Айниқса, 4 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши бу борада мавжуд камчиликларни рўй-рост ўртага ташланганлиги айтиб ўтилди.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган вазифалар барчадан, биринчи навбатда O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”дан ҳам ўз фаолиятини қайта кўриб чиқишни, эндиликда ёшлар билан ишлашда вақтини ўтаган усуллардан воз кечишни, ҳеч кимга нафи тегмайдиган тадбирлар ўрнига ёшлар билан ишлашда амалий ишларга ўтишни даврнинг ўзи талаб қилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, бир қатор худудий “Ёшлар қаноти” фаоллари уюшмаган ёшларни ишга жалб қилишда томорқа имкониятларидан фойдаланишда бошқаларга ўрнак бўладиган тажрибаларни қўлга киритганлигини айтиб ўтиш лозим. Жумладан, O‘zLiDeP Андижон, Наманган, Хоразм вилоят Кенгашлари “Ёшлар қанот”лари томонидан ўртача 1200-1400 хонадонларда истиқомат қилаётган шундай ёшлар фаолларимиз кўмагида томорқасида ўз бизнесини йўлга қўйишга эришдилар. Муҳими, уларнинг фаолияти “Ёшлар қаноти” фаоллари томонидан доимий мониторинг қилиб борилмоқда, кредитлар олишда, мутахассис маслаҳатини олишда, маҳсулотига харидор топишда яқиндан кўмак бермоқда. Ишсиз ёшларни партиядош тадбиркорлар кўмагида ишга жойлаштиришда “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан” шиори остида амалга оширилаётган ишлар доирасида Сирдарё, Наманган ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги “Ёшлар қаноти”даги фаолларимиз ҳар бир акция давомида ўртача 300-500 ёшни иш ўрни билан таъминлашга эришаётганлиги диққатга сазовор.

Давлат дастуридан келиб чиқиб, партиянинг ушбу йўналишдаги фаолиятини янада жонлантириш, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича ҳали ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш вақти келганлиги айтиб ўтилди.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастуридан келиб чиқадиган O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” олдидаги устувор вазифаларга бағишланган анжуманда масаланинг шу ва бошқа жиҳатлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Анжуманда нафақат ёшлар шунингдек, партия фаоллари, ёш тадбиркорлар, уюшмаган ёшлар, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, мутасадди вазирлик ва идора вакиллари, журналистлар иштирок этишди.

Тадбирнинг амалий аҳамияти шундаки, унда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, O‘zLiDeP ҳудудий Ёшлар билан ишлаш бўлими мудирлари, жамғарма вакиллари, ҳудуддаги ёш тадбиркорлар шўъбаларга бўлинган ҳолда “Давлат дастуридан келиб чиқиб, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси билан ҳамкорликда партия “Ёшлар қаноти” фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган намунавий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдилар. Шунингдек, “Намунали бизнес-режалар ишлаб чиқиш ва уни амалиётга татбиқ этиш бўйича соҳа мутахассислари томонидан масстер-класслар ўтказилди. Бундан ташқари, партия “Ёшлар қаноти” томонидан жойларда мазкур дастур бўйича белгиланган ишларни самарали ташкил этиш мақсадида “Ёш тадбиркорлар” услубий қўлланма лойиҳаси тайёрланди.

Қизғин, жонли мулоқот, амалий таклиф ва тавсияларга бой бўлган тадбир сўнггида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастуридан келиб чиқадиган O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” олдидаги устувор вазифалар белгиланиб, бу борада ишлаб чиқилган намунавий иш режа тасдиқланди.

Изоҳ билдириш