7483

Янги фармон. Аҳоли бандлигига масъул янги вазирлик ташкил этилди

Ўзбекистон 25 май 8:42 374

Ўзбекистон меҳнат вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига айлантирилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 23 майдаги «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган. Фармон ҳақида «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида маълум қилинган.

Ушбу ҳужжат бандлик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда янгича жорий этиш, давлат ва хусусий тадбиркорлик ўртасидаги ҳамкорликка асосланган ҳолда меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлашда самарадор чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган.

Фармонга кўра Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил этилди.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий ва тармоқлар бандлик дастурларини амалга оширишни мувофиқлаштириш, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдамни ўз вақтида тўланиши мониторингини амалга ошириш ва бошқаларда иборат асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгиланди.

Қабул қилинган фармонда меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш бўйича аҳоли бандлигини рағбатлантиришга йўналтирилган чоралар кўзда тутилган. Хусусан:

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида, юридик шахс мақомига эга бўлган, асосий вазифаси вақтинчалик банд бўлмаган аҳолини йирик инвестиция лойиҳаларида, йўл ва уй-жой коммунал инфраструктурасининг қурилишида, таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирокларини молиялаштиришдан иборат бюджетдан ташқари жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилиши муҳим янгилик ҳисобланади.

Фармонга мувофиқ кичик бизнес ва микробизнесни микрокредитлаш механизм ва воситаларини такомиллаштириш, 2017-2020 йилларда фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорлар учун микромолиялаштириш ресурсларидан фойдаланиш қулайликларини, йўналиш ва ҳажмларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш кўзда тутилган бўлиб, бу тадбир республика банк тизимининг бандлик соҳасидаги ролини кескин оширишни таъминлайди. Хусусан, аҳолига микрокредитлар ажратиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида «Микрокредитбанк» АТБнинг капитал қўйилмалари ҳажмини ошириш, бунда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига кўра «Микрокредитбанк» АТБ кузатув кенгашининг раиси ҳисобланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида қайд этилган фармонининг ижросини таъминлш мақсадида 2017 йилнинг 23 майида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий ва тасарруфий ташкилотларининг ташкилий тузилмалари тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳар ойда вазирликнинг расмий сайтида ва марказий оммавий ахборот воситаларида меҳнат бозоридаги вазият ва бандлик ҳолати тўғрисида маълумотларни, шу жумладан иш қидириб меҳнат органларига мурожаат қилган ҳамда ишсизлик бўйича нафақа олаётган фуқаролар сони, яратилган иш ўринлари, рўйхатга олинган бўш (вакант) иш ўринлари ва иш берувчилар, инвесторлар ва аҳоли учун аҳамиятга эга бўлган бошқа маълумотларни чоп этиб боради.

Алоҳида қайд этиш лозимки, қарорда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига, республиканинг меҳнат ресурслари ҳаддан ташқари ортиқча бўлган туман ва шаҳарларини аниқлаган ҳолда, иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмаларини ишлаб чиқиш юклатилди. Шунингдек, ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари инвестиция лойиҳалари бўйича манзилли рўйхатларни шакллантириш ва тасдиқлашда ушбу меҳнат ресурслари ҳаддан ташқари ортиқча бўлган туман ва шаҳарларда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга устувор равишда эътибор қаратишлари лозим.

Шу муносабат билан, қарор билан меҳнат ресурслари ҳаддан ташқари ортиқча бўлган туман ва шаҳарларда, ўзларининг асосий таълим беришдан бўш вақтларида, минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларига мувофиқ меҳнат бозорида талабга эга бўлган мутахассислик ва йўналишлар асосида банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини амалга оширадиган таянч коллежларининг рўйхати тасдиқланди.

Оммавий ахборот воситаларида бандлик соҳасига доир тушунтириш ишларини кенг олиб бориш мақсадида аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни жамоат ишларига ва оилавий тадбиркорликка жалб этиш, шахсий томорқа ва дехқон хўжаликларидан оқилона фойдаланиш, меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазаси ҳимояси масалаларини кенг ва холис ёритиш “Mahalla” телерадиоканалининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қарор билан Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, бандлик дастурларини ишлаб чиқишга замонавий ёндашувларни ҳамда касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш механизмларини, янги интерактив хизматларни жорий этиш ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва шу каби бошқа чоралар кўзда тутилган меҳнат органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган Фармон ва қарорнинг амалга оширилиши натижасида:
биринчидан, меҳнат органларининг замонавий талабларга жавоб берадиган, жумладан устувор вазифаларни, жумладан меҳнат бозори инфраструктурасини ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмаларини шакллантириш, биринчи маротаба меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни ва аҳолининг ижтимоий заиф тоифаларини ишга жойлаштириш каби муҳим йўналишлардаги вазифаларни изчил ва самарали равишда бажаришни таъминлайдиган ташкилий тузилмасини яратиш;
иккинчидан, меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган барча давлат хизматларини тўлиқ ҳажмда қайта кўриб чиқиш (реинжиниринг), меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий рағбатлантирувчи услублари ва самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (KPI)ни жорий этган ҳолда иш ташкил этишнинг прогрессив шаклларини татбиқ этиш орқали бандлик соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан ошириш;
учинчидан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан меҳнат бозорини изчил ва барқарор ривожлантириш, аҳоли бандлиги даражасини ошириш ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича комплекч чора-тадбирларни амалга оширишни молиявий таъминлашни кучайтириш;
тўртинчидан, кам таъминланган оилалар аъзолари ва аҳолининг бошқа аҳолининг ижтимоий заиф тоифаларини, уларга микрокредитлар бериш ва қайта ўқитиш хизматларини тақдим этиш орқали, якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликка жалб этиш, шахсий томорқа ва дехқон хўжаликларини ривожлантириш йўли билан оилаларни кам таъминланганликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга доир зарур шароитларни яратиш имконини беради.

Фармон ва қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Ариповга юклатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонининг тўлиқ матни оммавий ахборот воситаларида чоп этилади.

Изоҳ билдириш